Косонсой тумани ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибият мудири, қишлоқ хўжалиги илмининг етук намояндаси, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон, халқимизнинг фидойи фарзанди Холмонов Усмонали Умаралиевич 22 март 2023 йилда 65 ёшида вафот этди.

Усмонали Холмонов 1958 йил 8 декабрда Косонсой туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг меҳнат фаолиятини Косонсой туманидаги “Куйбишев” колхози ишчиси сифатида бошлади. Ўз ҳаётини мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи бўлган қишлоқ хўжалиги билан боғлади.

Ёшлик йилларидан бошлаб деҳқончилик илмини пухта ўрганган У.Холмонов қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида турли лавозимларда меҳнат қилди. Дастлаб, қишлоқ хўжалиги техникуми талабаси, колхоз аграноми, бош агроном, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари, бошлиғи, “Янги шаҳарсой” фермер хўжалиги раҳбари, Фермерлар уюшмаси раиси, Косонсой туман қишлоқ хўжалиги техникалари бўйича давлат инспектори каби вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилган. У.Холмонов 2019 йилдан ҳозиргача Косонсой тумани ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибият мудири сифатида соҳа ривожида ёрқин из қолдирди.

У.Холмонов ўз соҳасининг ҳақиқий эгаси сифатида туманимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ва уни янги босқичга кўтаришга катта ҳисса қўшди.

Ўз фаолиятида доимо янгиликка интилиб, эзгу ташаббуслари билан соҳа вакиллари, айниқса, ёшларга ибрат бўлиб яшаган. У.Холмонов алоҳида жонбозлик ва ғайрат-шижоат кўрсатиб ишлади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор агротехнологияларни, бошқарувнинг замонавий усуллари ва самарали воситаларини қўллаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ёш фермерлар авлодини тарбиялашда ўзига хос тажриба мактабини яратди. У ўз фаолияти билан Ватанга муҳаббат ва садоқатнинг, касбига фидоийликнинг ҳақиқий намунасини намоён этди.

5 нафар фарзандни муносиб тарбиялади. Унинг фарзандлари ҳамда шогирдлари ўзидан ёрқин из сифатида туманимиз ҳамда вилоятимиздаги турли соҳаларда фаол меҳнат қилмоқдалар.

Камтарин ва самимий инсон, халқимизнинг фидойи фарзанди Усмонали Холмоновнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Хабарингиз бор куни кеча футбол бўйича мамлакатимиз мезбонлик қилган U20 Осиё чемпионати баҳслари якунига етди. Қувонарлиси, Осиё чемпионлигини қўлга киритган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида фаоллик кўрсатган ҳужумчи, Косонсой фарзанди Пўлатхўжа Холдорхонов борлиги туманимиз учун алоҳида фахр.

Бугун Косонсой туман ҳокимлиги томонидан чемпионни қутлаш мақсадида Пўлатхўжа Холдорхонов хонадонига бориб, шундай фарзанд ўстирганлари учун унинг ота-онасига миннатдорчилик билдирди ҳамда туман ҳокими совғаси топширилди.

Пўлатхўжага икки ойдан сўнг Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида терма жамоамиз билан муносиб иштирок этиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келишади деган умиддамиз.

☑️ Маълумот учун, Пўлатхўжа Холдорхонов 2003 йилда Косонсой тумани, С.Шеърозий номли маҳаллада таваллуд топган. Биринчи устози Шодмонхон Маматов.Ҳозирги кунда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида тўп суради.

▫️Ҳурматли ҳамюртлар!

▫️Халқимиз азал-азалдан Наврўзни "Йилбоши" деб бежиз атамаган. Чунки, айнан шу байрам кириши гўёки кўкламнинг майин шабодаси ҳар биримизнинг кўнглимизга ҳузур бағишлаши билан бирга бутун борлиқни уйғотиб, ғайрат-шижоат бахш этаётгандек бўлади.

Халқимиз асрлар давомида одамларни маънан бирлаштирувчи, улар қалбида эзгу фазилатларни янада мус-таҳкамловчи, инсонийлик, меҳр-мурувват ғояларини ўзида мужаcсам этган Наврўзни қут-барака ва тўкинчилик байрами сифатида нишонлаб келмоқда.

Бу йилги Наврўз тантаналари юртимизда, “Ҳар кунинг наврўз бўлсин-жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу шиор остида ўзгача бир руҳда, янгиликларга бой, халқ сайли тарзида ташкил этилмоқда.

▫️Ҳурматли юртдошлар!

▫️Она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланди.Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз.

▫️Қадрли дўстлар!

▫️Наврўз — янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи.Барчамизнинг тилагимиз битта: йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, меҳнатимиздан барака топайлик!

Бугун биз туманимизда мана шундай қутлуғ байрамни нишонлаш баробарида, бутун дунёда тинчлик ва хотиржамлик бўлишини, узоқ ва яқин барча давлатларнинг халқларига тараққиёт, фаровонлик ҳамда равнақ тилаймиз.

▫️Сизларни ва сиз орқали бутун туманимиз аҳлини янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган– Наврўз умумхалқ байрами билан чин дилдан муборакбод этаман.

▫️Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

✅ Наврўз байрами барчамизга муборак бўлсин!

Мамлакатимизда ўқув марказларининг ташкил қилиниб, фаолият олиб бораётганлиги албатта, ёшларнинг мукаммал билим эгаллашлари учун яна бир имкониятни яратиб бермоқда, десак адашмаймиз.

Косонсой туманидаги алоҳида ўринга эга "Murodim education" ўқув маркази "Узунқишлоқ" маҳалласида янги филиал фаолиятини йўлга қўйди. Бунинг натижасида 50 нафар ўқитувчилар иш билан таъминланди.Бу эса кўпроқ ўша ҳудуддаги ўқувчи-ёшларнинг қувончига сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ўқув марказининг очилиш маросимида иштирок этган Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров ушбу ўқув даргоҳида таҳсил олган ёшлардан буюк шахслар етишиб чиқишига умид билдирди.

Маълумот учун, ўқув марказ томонидан қисқа 2 йиллик фаолияти давомида 6000 нафардан зиёд ўқувчиларга таълим берилган.Жумладан, 150 нафардан ортиқ ўқувчилар IELTS, 40 нафар ўқувчилар TOPIC сертификатларига эга бўлишди.Шунингдек, шу кунгача 100 нафардан ортиқ ўқувчилар АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Англия, Германия, Россия, Туркия давлатларидаги олий ўқув юртларига ўқишга киришди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика болалар кутубхонаси томонидан буюк ўзбек астрономи ва математиги, давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 629 йиллиги муносабати билан онлайн билимдонлар беллашуви бўлиб ўтди.

📃 Ушбу беллашувда ҳакамлар томонидан вилоятлар миқёсида тузилган ҳар бир гуруҳга Мирзо Улуғбек ҳаётига оид саволлар берилди ва ўқувчилар топқирлиги текширилди.

📑 Беллашувнинг Республика босқичида Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилган Косонсой тумани 22-сонли умумтаълим мактабининг «Ёш астрономлар» жамоаси фаол иштирок этиб ғолибликни қўлга киритишди.