Косонсой тумани ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибият мудири, қишлоқ хўжалиги илмининг етук намояндаси, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон, халқимизнинг фидойи фарзанди Холмонов Усмонали Умаралиевич 22 март 2023 йилда 65 ёшида вафот этди.
Усмонали Холмонов 1958 йил 8 декабрда Косонсой туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг меҳнат фаолиятини Косонсой туманидаги “Куйбишев” колхози ишчиси сифатида бошлади. Ўз ҳаётини мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи бўлган қишлоқ хўжалиги билан боғлади.
Ёшлик йилларидан бошлаб деҳқончилик илмини пухта ўрганган У.Холмонов қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида турли лавозимларда меҳнат қилди. Дастлаб, қишлоқ хўжалиги техникуми талабаси, колхоз аграноми, бош агроном, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари, бошлиғи, “Янги шаҳарсой” фермер хўжалиги раҳбари, Фермерлар уюшмаси раиси, Косонсой туман қишлоқ хўжалиги техникалари бўйича давлат инспектори каби вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилган. У.Холмонов 2019 йилдан ҳозиргача Косонсой тумани ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибият мудири сифатида соҳа ривожида ёрқин из қолдирди.
У.Холмонов ўз соҳасининг ҳақиқий эгаси сифатида туманимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ва уни янги босқичга кўтаришга катта ҳисса қўшди.
Ўз фаолиятида доимо янгиликка интилиб, эзгу ташаббуслари билан соҳа вакиллари, айниқса, ёшларга ибрат бўлиб яшаган. У.Холмонов алоҳида жонбозлик ва ғайрат-шижоат кўрсатиб ишлади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор агротехнологияларни, бошқарувнинг замонавий усуллари ва самарали воситаларини қўллаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ёш фермерлар авлодини тарбиялашда ўзига хос тажриба мактабини яратди. У ўз фаолияти билан Ватанга муҳаббат ва садоқатнинг, касбига фидоийликнинг ҳақиқий намунасини намоён этди.
5 нафар фарзандни муносиб тарбиялади. Унинг фарзандлари ҳамда шогирдлари ўзидан ёрқин из сифатида туманимиз ҳамда вилоятимиздаги турли соҳаларда фаол меҳнат қилмоқдалар.
Камтарин ва самимий инсон, халқимизнинг фидойи фарзанди Усмонали Холмоновнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.






