Пилла етиштиришда ўзига хос тажриба мактабини яратган косонсойликлар давлатга пилла сотиш контрактация шартномасини бажариб, дастлабки меҳнат муваффақиятини қўлга киритдилар.

Бугун эса улар 180 тонналик хирмон уйиб, жорий йил зафар маррасига етиб келдилар. 2500 нафар пиллакорлар томонидан 3100 қути ипак қурти парваришланиб, 181 тоннадан зиёд қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштирилди.

“Миртоҳирбек”, “Ровот чорвадори”, “Мусо ариқ тонги”, “Муродхон Косоний”, “Қирқ олтин хазинаси” фермер хўжаликлари катта хирмонга арзирли ҳисса қўшдилар.

750 нафар касаначилар томонидан 1050 қути қурт боқилди ва 50 тонна ҳосил уларнинг ҳиссасига тўғри келди. Пилланинг ҳар килограммига 32 минг сўмдан тарозининг устида ҳақ тўлангани, касаначиларга йиллик иш стажи ҳисобланиши ҳам пиллакорлар сафи ортиши ва ҳосилда барака бўлишини таъминлади.

Косонсой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

“Жар” маҳалласида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди

▫️Бугун Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров 1-сектор ҳудуди бўлган “Жар” маҳалласида навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Унда ўттиздан зиёд фуқароларимиз туман раҳбари ҳамда туман ҳокими ўринбосарларига ўз мурожаатлари билан юзланишди.

Қабул давомида фуқаролар томонидан уй-жой, тадбиркорлик, моддий ёрдам, ер муносабатлари, кредит, тиббий хизмат, иш билан таъминланиш билан боғлиқ билдирилган бир қанча масалалар туман ҳокими томонидан диққат билан тингланди.

Қабулда иштирок этган тегишли ташкилот ва муассасалар вакилларига мурожаатларни тегишли тартибда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.

Косонсой туманидаги "Олмазор" болалар ёзги соғломлаштириш масканида Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати, Наманган вилояти телерадиокомпанияси муҳаррири Шаҳзода Акбарова бошчилигидаги ижодкорлар ҳамкорлигида ёш ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ижодий учрашув ташкил этилди.

Мазкур тадбирда журналистика соҳасида ишлашни орзу қилган ёшларга соҳага оид қимматли маълумотлар берилди. Шунингдек, ижодкор ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга муносиб жавоб олдилар.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга Наманган телерадиокомпанияси ижодкорларидан жавоблар олишди.

Косонсой тумани ғаллакорлари бу йил 6170 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, қабул пунктларига ҳар қачонгидан ҳам мўл, сара дон етказиб бериш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Бугун ана шу фидокорона меҳнат самараси туфайли ғалла майдонларида мўл ҳосил етиштирилди. Эндиги навбат ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ўтказишдан иборат. Бу муҳим агротехник тадбирга 17 та юқори унумли ўрим комбайнлари ҳамда ҳар битта отрядга 5 тадан юк ташиш машинаси, кўчма дам олиш хонаси, зарур қишлоқ хўжалик техникалари, техник хизмат кўрсатиш устахонаси, ёқилғи таъминотчиси, сомон йиғиш механизмлари жалб этилган.

Бугун Косонсой туманидаги 6та фермер хўжалигида ғалла ўримига старт берилди. Ўрим олдидан жонлиқ сўйилиб, Қуръон хатм қилинди.

Ҳозирда Қуқумбой ММТП ҳудудига қарашли “Тошлоқсой олтин толаси”, “Қўқимбой ғаллачилиги”, “Мард ўғлон чашмаси”, Навоий-Ободон ММТП ҳудудидаги “Газлама ҳосили”, Тергачи ММТПга қарашли “Чакобод зар чорваси”, “Наманган пахта текс” МЧЖ фермер хўжалиги майдонидаги ғаллани ўриб-йиғиб олишга киришилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Болаларни дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан 2023 йил ёз мавсумида мактаб ёшидаги ўғил-қизларимизни мароқли ҳордиқ олишларини таъминлаш мақсадида ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига старт берилди.

Хусусан, 7 июндан бошлаб Наманган вилоятидаги 8 та оромгоҳ болаларни қабул қилишни бошлади. Улар қаторида Наманганнинг энг сўлим ва баҳаво гўшасида жойлашган Косонсой туманидаги “Соҳил” ва “Олмазор” оромгоҳлари ҳам расман ўз фаолиятини бошлади.

Ушбу оромгоҳларда ёз мавсуми давомида 1120 нафар болалар дам олиш имкониятига эга бўлиб, болаларни мароқли хордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Болаларни ёзги таътил кунларида мароқли хордиқ чиқаришлари, яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда жисмоний соғлом, маънан етук комил инсонлар бўлишларида муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот учун, бугунги кунда Наманган вилоят бўйича оромгоҳларда дам олиш ёшидаги жами 359 минг 388 нафар яъни 7-14 ёшдаги болалар бор бўлса, жорий йил ёз мавсумида оромгоҳларга уларнинг 5 минг 400 нафари қамраб олинган. Шунингдек, ҳудудлардаги мактаблар қошида 67 та кундузги соғломлаштириш майдончасида 10160 нафар бола дам олиши режалаштирилган.