Косонсой тумани ғаллакорлари бу йил 6170 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, қабул пунктларига ҳар қачонгидан ҳам мўл, сара дон етказиб бериш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Бугун ана шу фидокорона меҳнат самараси туфайли ғалла майдонларида мўл ҳосил етиштирилди. Эндиги навбат ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ўтказишдан иборат. Бу муҳим агротехник тадбирга 17 та юқори унумли ўрим комбайнлари ҳамда ҳар битта отрядга 5 тадан юк ташиш машинаси, кўчма дам олиш хонаси, зарур қишлоқ хўжалик техникалари, техник хизмат кўрсатиш устахонаси, ёқилғи таъминотчиси, сомон йиғиш механизмлари жалб этилган.

Бугун Косонсой туманидаги 6та фермер хўжалигида ғалла ўримига старт берилди. Ўрим олдидан жонлиқ сўйилиб, Қуръон хатм қилинди.

Ҳозирда Қуқумбой ММТП ҳудудига қарашли “Тошлоқсой олтин толаси”, “Қўқимбой ғаллачилиги”, “Мард ўғлон чашмаси”, Навоий-Ободон ММТП ҳудудидаги “Газлама ҳосили”, Тергачи ММТПга қарашли “Чакобод зар чорваси”, “Наманган пахта текс” МЧЖ фермер хўжалиги майдонидаги ғаллани ўриб-йиғиб олишга киришилди.