Янгиликлар
Президент фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди ҳамда уни 2023 йилда ўзи вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича Президент қарори қабул қилинди.
(https://uza.uz/posts/519174)Фармонга кўра, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қуйидаги 5 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсаддан иборат:
▪️ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
▪️барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
▪️сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
▪️қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
▪️“хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.
☑️ Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:
➖давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;
➖Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланиб, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади;
➖банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун қиймати 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича, фоиз ставкаси асосий ставкадан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.
☑️ 2023/2024 ўқув йилидан:
➖умумий ўрта таълим муассасалари 10-синф ўқувчиларини касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилади;
➖Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун “таянч мактаб” этиб белгиланади.
Аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш, ечимини кутаётган масалалар юзасидан ижобий натижага эришиш мақсадида "Жар" маҳалласида Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги ҳоким ўринбосарлари, туман Халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинова иштирокида фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда фуқаролардан ўзларини қизиқтирган саволларга ҳамда ечимини кутаётган муаммоларига бевосита туман раҳбари ҳамда ўринбосарлардан жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган қабулда фуқаролардан уй-жой, ичимлик суви, электр таъминоти бўйича, табиий газ, таълим, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, кредит, тиббий ёрдам, аукцион савдосига ер билан боғлиқ масала, тадбиркорлик фаолиятини юритишга оид 40дан ортиқ мурожаатларнинг 17таси жойида ечимга келтирилган бўлса, баъзиларига ҳуқуқий тушунча берилди, маълум бир вақт талаб этадиган мурожаатлар тегишлилиги юзасидан дахлдор мутасаддиларга бириктирилди ва ижроси назоратга олинди.
Соҳасида илғор натижаларга эришган фидойиларнинг тажрибаси, ҳаёт йўли, маънавий жасорати ва ибратли амаллари ёшларнинг ватанпарварлик, жасурлик, фидокорлик фазилатларини юксалтиришда тарбиявий-ахлоқий аҳамиятга эга.
Бугун, Косонсой туманидаги "Учқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган маданият марказида “Дўстлик” ордени соҳиби Аҳмадхон Эшонхўжаев ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Маъмурахон Султоновалар мактаблар ўқувчилари билан мулоқот қилди.
Қизғин ва самимий суҳбатда қаҳрамонларимиз ибратли ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ва унга берилган ишонч ҳамда масъулият ҳақида ёшларга гапириб берди.
Шу ўринда ёшлар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.- Ҳалол меҳнат ва изланишда ҳикмат кўп. Яхши ният ва амаллар албатта самарасини беради. Элим, юртим деб яшаш керак, - дейди қаҳрамонларимиз.
Тадбир якунида бир қатор фаол ўқувчилар китоблар жамланмаси билан тақдирландилар.
Бугун, Косонсой туманида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2023 йил иккинчи мавсумига старт берилди. Мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокими Дилмурод Қодиров иштирок этиб, ташкилотчи ва иштирокчиларга самимий тилакларини изҳор этди.
Анъанавий тарзда ташкил этилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2023 йил иккинчи мавсумида иштирок этиш учун бугунги кун ҳолатига жами 40 540 нафар ўғил-қиз 5tashbbus.uz сайтидан рўйхатдан ўтди.
Олимпиаданинг ушбу мавсумини жорий йил сентябрь-декабрь ойларида ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ёшлар бевосита мазкур олимпиада доирасида санъат-маданият, спорт, китобхонлик ва интеллектуал ўйин ва танловларда иштирок этишлари мумкин.
“Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида маҳалла ёшлари учун санъат-маданиятни тарғиб қилишга қаратилган “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” республика танлови, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштиришга қаратилган волейбол, кураш, гимнастрада бўйича республика спорт мусобақалари, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш учун “Ёш китобхон” танлови, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун ўқувчи-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спортнинг мини футбол, волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси, енгил атлетика, қувноқ стартлар бўйича мусобақалар ўказиш, ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этиш ҳамда ёшларда саҳна маданиятини шакллантириш ва истеъдодини юзага чиқариш учун “Қувноқлар ва зукколар” танловини ўтказиш белгиланган.
Шу кунларда сектор раҳбарлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли иштирокида жиноятчилик ҳолатларига барҳам бериш, содир этилганлари бўйича муҳокама йиғилишлари ўтказиб бориляпти. Чунки ривожланаётган мамлакатимизда қонунбузарлик ва ҳуқуқбузарликка барҳам бериш устувор вазифалардан бирига айланган.
Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров “Қорасув” маҳалласида ўғирлик ҳамда безорилик жиноятларини содир этган шахслар қилмиши юзасидан муҳокамада иштирок этди.
Мулоқот давомида фуқаролар ҳамиша огоҳликда яшашлари, ҳар бир жараённи одиллик билан кузатишлари, маҳалла, қўни-қўшни бир бўлиб, ёшлар тарбиясига эътибор қаратишларигина обод ва хавфсиз маҳалла тамойили борасида кўзланган натижага эришиш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди










