Бугун, Косонсой туманида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2023 йил иккинчи мавсумига старт берилди. Мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокими Дилмурод Қодиров иштирок этиб, ташкилотчи ва иштирокчиларга самимий тилакларини изҳор этди.

Анъанавий тарзда ташкил этилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2023 йил иккинчи мавсумида иштирок этиш учун бугунги кун ҳолатига жами 40 540 нафар ўғил-қиз 5tashbbus.uz сайтидан рўйхатдан ўтди. 

Олимпиаданинг ушбу мавсумини жорий йил сентябрь-декабрь ойларида ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ёшлар бевосита мазкур олимпиада доирасида санъат-маданият, спорт, китобхонлик ва интеллектуал ўйин ва танловларда иштирок этишлари мумкин.   

“Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида маҳалла ёшлари учун санъат-маданиятни тарғиб қилишга қаратилган “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” республика танлови, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштиришга қаратилган волейбол, кураш, гимнастрада бўйича республика спорт мусобақалари, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш учун “Ёш китобхон” танлови, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун ўқувчи-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спортнинг мини футбол, волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси, енгил атлетика, қувноқ стартлар бўйича мусобақалар ўказиш, ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этиш ҳамда ёшларда саҳна маданиятини шакллантириш ва истеъдодини юзага чиқариш учун “Қувноқлар ва зукколар” танловини ўтказиш белгиланган.