Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармойишига асосан бир гуруҳ наманганлик фаол тадбиркорлар орден, медал ва кўкрак нишонлари билан тақдирлангандилар. Уларнинг тажрибасини айни пайтда тадбиркорлик, бизнес билан шуғулланаётган ишбилармонлар ва аҳолига яқиндан етказиш мақсадида улар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилиб келинмоқда.

Худди шундай мулоқот бугун 6 сентябрь куни Косонсой тумани "Боғишамол-2” маҳалласидаги шахсий томорқа ер эгаси, “Дўстлик” ордени соҳиби Аҳмадхон Эшонхўжаев билан ўтказилди.

Мулоқотда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, нуронийлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этдилар.

Аҳмадхон ака томорқадан олинган даромад туфайли рўзғори бут, тўйлар қилди, уйлар солди, набираларини ўқитди. Бугунги кунда бу каби оилалардан ибрат олиб, маҳаллада томорқасидан оқилона фойдаланаётганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Лимончилик мактабига асос солган Аҳмадхон ака “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда ишсиз фуқароларга лимончилик етиштиришдан бошлаб, сотиш жараёнигача бўлган сирларни ўргатиш йўлга қўйган.

Муваффақият ҳикояси ҳақида сўз борар экан, Аҳмадхон ака йиғилганларга қандай қилиб Президент эътиборига тушгани, бу йўлдаги машаққат ва шараф, ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб берди.

2023/2024 ўқув йили учун истисно тариқасида барча йўналишлар бўйича тўлов-контракт миқдорлари оширилмайдиган бўлди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Барча босқичдаги талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдори давлат ОТМлари, жумладан, молиявий мустақиллик берилган олийгоҳларда ҳам базавий тўлов-контракт қиймати 2022/2023 ўқув йили учун белгиланган миқдорларда сақлаб қолинади.

Шу билан бир қаторда, 2023/2024 ўқув йили табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари ҳам ўтган ўқув йили учун белгиланган миқдорларда ўзгаришсиз қолади.

Шунингдек, тасдиқланган табақалаштирилган тўлов-контракт қийматини 2023 йил 15 октябрига қадар тўлиқ тўлаган абитуриентлар учун 10 фоиз миқдорида чегирма берилади.

Бугун Косонсой туманидаги барча таълим муассасаларида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди.

Тумандаги 54-сонли умумтаълим мактабида 1027 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга 53 нафар мутахассис ўқитувчилар таълим-тарбия бермоқда.

Таълим масканида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Косонсой туман ҳокими Дилмурод Қодиров сўзга чиқиб, барчани мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллиги ҳамда бошланаётган янги ўқув йили билан табриклади.

2023-2024 ўқув йилида 1-синфларга жами 122 нафар ўқувчилар қабул қилинган бўлиб, бу ўқувчиларнинг барчасига Президент совғалари тантанали тарзда топширилди.

Мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган 122 нафар жажжи ўғил-қизларга 12 турдаги ўқув анжомларидан иборат «Президент совғаси» топширилди.

Жорий йилнинг 8-10 сентябрь кунлари шотокан каратэ-до бўйича илк бор Тошкент шаҳрида 13-жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.Ушбу мусобақада Қаҳрамонжон Аҳмедов, Муҳаммадсиддиқ АбдумуталовМураббийлигидаги Косонсой спорт мактаби шотокан каратэ-до клуби спортчиларидан 11 нафар спортчи ва 2 нафар мураббийлар қатнашишди ва кучли учталикдан ўрин эгаллашди.

☑️ Ғолиб бўлган спортчилар:

1.Ҳамидхонов Юсуфали 7-9 ёшли ўғил боллар ўртасида якка кумите WKF – 25 кг. вазн тоифасида 3-ўрин, жамоа кумите баҳсларида 2-ўрин, жамоа ката баҳсларида 1-ўрин.

2. Соҳибжонов Аҳлиддин 7-9 ёшли ўғил болалар ўртасида жамоа кумите баҳсларида 2-ўрин, жамоа ката баҳсларида 1-ўрин.

3. Муҳаммаджонов Муҳаммадсодиқ 7-9 ёш (ўғил болалар) ўртасида жамоа кумите баҳсларида 2-ўрин, жамоа ката баҳсларида 1-ўрин.

4. Ҳамидхонов Абдулло 12-13 ёш (ўғил болалар) - 44кг вазн тоифасида шобу иппон кумите баҳслари 3-ўринни қўлга киритди.

5. Собитжонов Сарвар 14-15 ёшли (ўғил болалар) ўртасида WKF кумите +70 кг. вазн тоифасида 3-ўрин.

✅ Умумжамоа ҳисобида 3та олтин, 4та кумуш ва 3та бронза медаллари қўлга киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 47-моддасининг 2-қисмида кўра, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади деб мустаҳкамлаб қўйилган.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб берилган. Мазкур Қонун талабларига асосан давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Бунда етказилган зарарнинг ўрни эгалик қилувчига тўлиқ қопланиши керак.

Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мулкдорнинг розилиги билан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилинади. Тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги ва ер участкасининг ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаси ўртасида тузиладиган, ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан бериладиган компенсациянинг миқдори, тури ва уни бериш муддати назарда тутиладиган келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган тақдирда эса суд қарорида белгиланган жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатлари қопланганидан сўнг йўл қўйилади.

Ер участкасини олиб қўйиш ва уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлаш тўғрисидаги қарор аҳоли пунктларининг бош режаларига, шунингдек турар жой даҳалари ҳамда кичик даҳаларини батафсил режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.

Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.

Наманган вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан Конституциямиз ва юқорида қайд этилган қонун талаблари асосида ўтган даврда уй-жойлари бузилишга тушган 13 нафар фуқароларимизнинг даъво аризаларини кўриб чиқиб, улар фойдасига жами 2.694.653.412 сўмлик компенсация пулларини ундириш юзасидан ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

Зеро, судларнинг асосий мақсади фуқароларимизнинг Конституциямизда мустаҳкамланган мулкий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир.

 

Абдурахмон Сафаев

Наманган вилоят судиниг фуқаролик

ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси