Янгиликлар
Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Namangan Tech Community ва IT-Park ҳамкорлигида 22-23 май кунлари ўтказилаётган ушбу нуфузли форум рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари, дунёнинг етакчи компанияларида фаолият кўрсатаётган дастурчи, менежерлар ҳамда маҳаллий ёш истеъдодлар ва АйТи компаниялар вакилларини ўзида жамлайди.
Намангандан туриб АйТи соҳасига кириб, фаолиятингиз ва бизнесингизни дунё миқёсида ривожлантириш учун Namangan Tech Summit жуда яхши имкониятдир.
Тадбир:- технология ва АйТи соҳасига қандай кириш мумкин?- IT-Park резиденти ёки фрилансер сифатида ишлаш;- АйТи хизматларини экспорт қилиш (дастурий таъминот, дизайн, BPO, логистика);- веб-сайт, рақамли маркетинг, SEO/SMM;- мобил иловалар;- UI ва UX дизайн каби долзарб мавзуларни қамраб олади!
Наманган АйТи соҳаси вакилларини чорлайди!
Қуйидаги ҳавола орқали (https://www.linkedin.com/events/namangantechsummit7045074695724892160/) рўйхатдан ўтиб, иштирокчига айланишингиз мумкин.
Косонсой туманидаги миллий маданият марказида 15 май - "Халқаро оила куни" муносабати билан "Фаровон оила сари" шиори остида "Ибратли оила" кўрик танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танловда иштирокчилар 3 та шарт асосида беллашдилар. Тадбир миллий урф одатлар ва қадриятлар асосида кўтаринки руҳда ўтказилди.
Косонсой туман ҳокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилафрўз Турғунова сўзга чиқиб барча "Халқаро оила куни" билан табриклади.
Тадбир якунида ғолиб деб топилган ҳамда вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган "Боғишамол-2" маҳалласида истиқомат қилувчи Нишоновлар оиласи ҳамда "Ширинбулоқ" маҳалласидаги Муродовлар оилаларига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Азиз ҳамюртлар, шаҳримиз меҳмонлари, гўзаллик ва гул шайдолари!
▫️Шу йилнинг 21 майидан 21 июнига қадар Наманганда 62-Халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади.
Фестивал доирасида моҳир гулчилар, икебана санъати усталари, ландшафт дизайнерлари томонидан Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, "Адиблар хиёбони", "Афсоналар водийси" тематик парки ва бошқа дам олиш масканлари гулларга бурканади.
☑️ Табиат ифоридан, гўзалликдан баҳраманд бўлай десангиз, гуллар диёри Наманганга келинг!
▫️Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ хос эзгу фазилатлардандир. Хусусан бугун улар икки карра кўпроқ ёд этилажак кун. Яъни 9 май — Хотира ва қадрлаш куни.
Сўнгги йилларда 9 май санаси янада янгича мазмун-моҳият касб этиб, ўзбек халқи маънавий оламининг муҳим бир жиҳатига айланди. Эндиликда бу айёмда нафақат ўтганлар хотираланади, балки кексалик гаштини суриб умргузаронлик қилаётган ёши улуғлар, фахрийлар қадрланади.
☑️ Уруш ва меҳнат фахрийлари, нуронийларимиз бахтимизга омон бўлишсин, ўтганларнинг охирати обод бўлсин.
Бу йил Косонсой туманида 165та фермер хўжаликлари томонидан 6045 гектар майдонда ғалла парваришланяпти. Мавсумни муваффақиятли якунлаш, донни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш бугуннинг долзарб вазифасидир.
Ғаллани ўз вақтида, сифатли йиғиштириб олишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, дон маҳсулотларини ёнғиндан асраш, техникаларнинг шайлиги муҳим ҳисобланади.
Бугун Косонсой туманида ўтказилган семинарда ҳам ўрим-йиғимга жалб этилган техникаларнинг техник созлиги, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланганлиги кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутасаддилари, ишчи-хизматчилар ва ҳайдовчилар ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш борасида ҳам сўз юритилди.
Шу билан биргаликда марказлашган ҳолда ташишни ташкил этиш учун барча юк автомобиллари “Тезкор Мирзоҳид транс” МЧЖга шартнома асосида бириктирилди.
Семинарда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, Косонсой туман ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари, Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, Наманган вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи, отряд раҳбарлари ҳамда соҳага дахлдор ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этдилар.






