Бу йил Косонсой туманида 165та фермер хўжаликлари томонидан 6045 гектар майдонда ғалла парваришланяпти. Мавсумни муваффақиятли якунлаш, донни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш бугуннинг долзарб вазифасидир.
Ғаллани ўз вақтида, сифатли йиғиштириб олишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, дон маҳсулотларини ёнғиндан асраш, техникаларнинг шайлиги муҳим ҳисобланади.
Бугун Косонсой туманида ўтказилган семинарда ҳам ўрим-йиғимга жалб этилган техникаларнинг техник созлиги, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланганлиги кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутасаддилари, ишчи-хизматчилар ва ҳайдовчилар ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш борасида ҳам сўз юритилди.
Шу билан биргаликда марказлашган ҳолда ташишни ташкил этиш учун барча юк автомобиллари “Тезкор Мирзоҳид транс” МЧЖга шартнома асосида бириктирилди.
Семинарда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, Косонсой туман ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари, Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, Наманган вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи, отряд раҳбарлари ҳамда соҳага дахлдор ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этдилар.






