Наманган шаҳридаги «Ахсикент» меҳмонхонасида ўтказилган брифингда тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. (http://namhaqiqat.uz/zhamiyat/ichimlik_suvi_taminoti_67_foizdan_85_foizga_oshiriladi.html) «Наманган сув таъминоти» МЧЖ директори Илҳомжон Ширановнинг бажарилган ишлар ва белгиланган режалар ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Таъкидланишича, 2021 йилда истеъмолчиларга жами 102,4 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилиб, шундан ичимлик суви хизмати 90,2, канализация хизмати эса 12 ,3 миллиард сўмни ташкил этди. 4,3 миллиард сўм соф фойда олингани ҳолда, 5,3 фоиз рентабеллик кўрсаткичига эришилди. 2022 йилда 155,1 миллиард сўмлик ичимлик сув ва канализация хизмати кўрсатиш режалаштирилган. Белгиланган истиқболдаги кенг кўламли режаларнинг бажарилиши натижасида вилоятимизда беш йил мобайнида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш кўрсаткичи 67 фоиздан 85 фоизга етказилади.
Косонсой тумани, 4-сектор ҳудудига қарашли "Тахтакўприк" маҳалласида “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқимизнинг бой маданий-маънавий меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бўлиб ўтган ушбу сайлда ёшлар турли йўналишлар бўйича ўз қобилият ва истеъдодини кўрикдан ўтказдилар. Фестивал доирасида “Соғлом ҳаёт учун 5000 минг қадам” юриш марафони, миллий ўйинлар жумладан тош кўтариш, арқон тортиш ҳамда шахмат ва шашка, футбол, волейбол каби спорт турлари буйича мусобақалар ўтказилди. Тадбирда туманимизнинг ёш истеъдодли ижрочилар иштирокидаги куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.
Юртимизда ўз фаолияти, ибратли фазилатлари билан барчага ўрнак бўлаётган опа-сингилларимиз, онахонларимиз кўп экани жуда қувонарлидир. 🔷 Жамият ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланиши, шунингдек, Косонсой тумани равнақи учун муносиб ҳисса қӯшган, кӯп йиллар давомида Косонсой тиббиёт коллежида турли лавозимларда фаолият юритиб келаётган Шавкатхон опа Қамбарова “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ушбу юксак эътироф билан Шавкатхон опани табриклар эканмиз, келгусида бундан-да, юксак мукофотларни қўлга киритишда куч-ғайрат ва соғлик саломатлик тилаймиз.
Ассалому алайкум, муҳтарама опа-сингиллар, дилбар аёллар! Бугун мана шундай қутлуғ баҳор айёмида Сиз, мунис оналаримиз, ҳурматли опа-сингилларимиз, бутун туманимиз хотин-қизларини гўзал байрам – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчамизга яхши аёнки, ҳар бир инсон аввало Оллоҳнинг марҳамати билан, она зотининг ўз боласини юраги остида асраб, тўққиз ой давомида тортган машаққатлари туфайли дунёга келади. Шу боис ҳаммамиз Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики одамзод мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги "Жаннат – оналаримиз оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Юртбошимиз ташаббуслари билан сиз, азиз аёлларнинг таълим олишингизга, ижтимоий ҳимоянгизга, соғлигингизга, тадбиркорлик билан эмин-эркин шуғулланишингизга ғамхўрлик, эътибор кўрсатилаётгани, катта имкониятлар берилаётгани бежизга эмас. Зеро, аёл қанчалик бахтли, соғлом, илмли, салоҳиятли бўлса, халқимиз, жамиятимиз ҳам шунчалик илмли, соғлом, бахтли бўлади. Барчангизни бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик байрами билан яна бир бор самимий табриклар эканман, инсон қадри улуғланаётган муқаддас юртда иқболингиз баланд, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин! Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!
Бугун Косонсой туманида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Тантанага турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган аёллар ҳамда меҳнат фахрийлари таклиф этилди. Тадбирда туман ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари иштирок этишди. Байрам тадбирида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги муносиб хизматлари учун ҳамда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ аёллар туман ҳокимлигининг байрам совғалари топширилди. Хушовоз хонанда, “Ниҳол” мукофоти совриндори Гуласал Абдуллаева ҳамда туман маданият бўлими, “Хушнаво” ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар, барчага байрамона кайфият бахш этди.