Ассалому алайкум, муҳтарама опа-сингиллар, дилбар аёллар! Бугун мана шундай қутлуғ баҳор айёмида Сиз, мунис оналаримиз, ҳурматли опа-сингилларимиз, бутун туманимиз хотин-қизларини гўзал байрам – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчамизга яхши аёнки, ҳар бир инсон аввало Оллоҳнинг марҳамати билан, она зотининг ўз боласини юраги остида асраб, тўққиз ой давомида тортган машаққатлари туфайли дунёга келади. Шу боис ҳаммамиз Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики одамзод мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги "Жаннат – оналаримиз оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Юртбошимиз ташаббуслари билан сиз, азиз аёлларнинг таълим олишингизга, ижтимоий ҳимоянгизга, соғлигингизга, тадбиркорлик билан эмин-эркин шуғулланишингизга ғамхўрлик, эътибор кўрсатилаётгани, катта имкониятлар берилаётгани бежизга эмас. Зеро, аёл қанчалик бахтли, соғлом, илмли, салоҳиятли бўлса, халқимиз, жамиятимиз ҳам шунчалик илмли, соғлом, бахтли бўлади. Барчангизни бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик байрами билан яна бир бор самимий табриклар эканман, инсон қадри улуғланаётган муқаддас юртда иқболингиз баланд, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин! Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!