Адлия вазирлиги тизимида идоравий буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

✅️ Маълумот учун, бу амалиёт бугунгача фақат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун йўлга қўйилганди.

Республика ишчи гуруҳи кўмаги ҳамда аҳоли мурожаатларига асосан Косонсой туманида катта йўл ёқасида жойлашган 1, 4, 5, 6, 18, 35, 41, 54-сонли умумтаълим мактаблари яқинида қуёш батареялари ёрдамида ишлайдиган кўчма светофорлар ўрнатилди.

Қуёш панели ёрдамида ишлайдиган мобил светофорларнинг энергия тежамкорлигида ўрни катта. Қолаверса, стационар светофорлардан қарийб уч баробар арзон. “Светофор дастлаб бизнинг мактабимиз олдида ўрнатилди. Бундан миннатдормиз, чунки мактабимиз йўл ёкасида жойлашган, автомобиллар ҳаракати анча гавжум. Олдинлари ўқувчилар мактабга келиб кетадиган пайтда йўл бўйида навбатчилик ташкил килинарди. Энди бу хавотирлар ортда қолади деган умиддамиз”, - дейди Косонсой туманидаги 41-сонли умумтаълим мактаби директори Носиржон Тожибоев.

☑️ Маълумот учун, ушбу светофорлар учун вилоят маҳаллий бюджетидан 175 млн. сўм маблағ сарфланди.

Барчамизга маълумки, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси эълон қилинди. Тарихий Мурожаатномада Давлат раҳбари томонидан кириб келаётган 2023 йил юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинди.

Албатта, юртбошимиз томонидан инсон қадрини улуғлаш билан биргаликда, таълим соҳасига ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда. Косонсой туманидаги “Тагижар” ва “Боғишамол” маҳаллаларининг бошланғич синф ўқувчилари таҳсил оладиган мактаб филиалини қайта қуриш, таъмирлаш масаласи кўндаланг турганди.

41-сонли умумий ўрта таълим мактаби филиали 1977 йил қурилган бўлиб, 120 ўринга мўлжалланган. Бироқ йиллар давомида бино эскириб, авария ҳолатига келиб қолган, ўқувчиларнинг таълим олиши учун шароитлар етарли эмас эди. “Озод” МЧЖ қурувчилари томонидан 41-сонли мактаб филиалининг таъмирталаб биноси бузилиб, ўрнига 2 млрд. сўмдан зиёд маблағ эвазига 120 ўринли янги замонавий ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мактаб филиалининг очилиш маросимида Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров иштирок этиб, йиғилганларни барча шароитларга эга таълим маскани қад ростлагани билан табриклади.

Мамлакатимизда ёшларга эътибор масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, эртамиз эгалари ўзларининг қизиқишлари бўйича ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, жойларда сектор раҳбарларининг ёш авлод вакиллари билан учрашувлар ўтказаётганини бунга бир мисол қилиб келтириш мумкин.

Ана шундай учрашувлардан бири Косонсой тумани, 1-сектор ҳудудига қарашли “Обод” маҳалласида бўлиб ўтди.Косонсой туманидаги 49-сонли умумтаълим мактабида Косонсой тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Дилмурод Қодиров иштирокида ўтказилган учрашувда ёшлар томонидан бандлик, ҳудуддаги мактаб йўналишига пиёдалар йўлакчаси қуриш, субсидия асосида тукув машинаси олиш, спорт комплекси қуриш учун ер, тадбиркорлик фаолиятига оидмасалаларда мурожаатлар келиб тушди.

Мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, ўрганиб чиқиш учун тегишли мутасаддиларга бириктирилди.

Саноқли кунлардан сўнг янги, 2023 йил кириб келади. Ҳозир ўтган даврда қилинган ишларни сарҳисоб этиш, навбатдаги вазифаларни белгилаш палласи. Шу жиҳатдан қараганда, Президент Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси айни муддао бўлди. Биз мазкур улкан ижтимоий-сиёсий воқеага бир гуруҳ партиядошларимиз билан бирга гувоҳ бўлдик. Давлатимиз раҳбари айтган ҳар бир сўз, ҳар бир фикр, таклиф ва мулоҳаза юртимиз тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳис этдик. Ҳеч шубҳасиз, Мурожаатнома бутун халқимизни, қолаверса, салкам қирқ минг кишидан иборат вилоятимиз “адолат” чиларини сафарбарликка чорламоқда. Ҳар бир киши бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ ва самаралироқ меҳнат қилмоғи даркор. Шундагина олдимизда турган юксак марраларни муваффақиятли забт этиш мумкин.

 

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасининг муқаддимасидаёқ мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётгани, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлагани диққатга сазовордир. “Беҳисоб шукур, бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди, - деди у. -  Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда. Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш учун тинимсиз изланаяпмиз.

 

Якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди, десам, ҳар томонлама тўғри бўлади. Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиёт – фақат ва фақат жасоратли меҳнат орқали бўлади!”.

 

Мурожаатномада пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятларга қарамасдан, халқимизнинг қаҳрамонларча меҳнати билан эришилган  ютуқлар қайд этилди. Мисол учун, иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса 19 миллиард долларга етди (2018 йилда 14 миллиард доллар бўлган). Илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Айни вақтда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсатини изчил давом эттириш чоралари кўрилмоқда.

 

Биз, наманганликларни давлат раҳбари олға сурган яна бир ташаббус чексиз қувонтирди. Мен вилоятимиз марказини Самарқанд каби алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклифини назарда тутмоқдаман. Бу, Наманганни янада тараққий этган, кўркам ва обод, аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратилган, ижтимоий-иқтисодий ривожланган гўшага айлантиришда алоҳида аҳамият касб этади.

 

Албатта, партиядошларимизнинг бугунги биринчи вазифаси Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига етказишдан иборат. Фаолларимиздан иборат тарғибот гуруҳлари шаҳар ва туманларда иш бошлаб юбордилар. Дастлабки маълумотларга кўра ёшу кекса, меҳнат жамоалари, аҳолининг барча табақалари вакиллари Президентимизнинг ҳар бир сўзини кўтаринки руҳда кутиб олдилар. Улар қўйилган улуғвор мақсадларга эришиш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар қилиш ниятидалар.

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Косонсой туман кенгаши депутати