Барчамизга маълумки, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси эълон қилинди. Тарихий Мурожаатномада Давлат раҳбари томонидан кириб келаётган 2023 йил юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинди.

Албатта, юртбошимиз томонидан инсон қадрини улуғлаш билан биргаликда, таълим соҳасига ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда. Косонсой туманидаги “Тагижар” ва “Боғишамол” маҳаллаларининг бошланғич синф ўқувчилари таҳсил оладиган мактаб филиалини қайта қуриш, таъмирлаш масаласи кўндаланг турганди.

41-сонли умумий ўрта таълим мактаби филиали 1977 йил қурилган бўлиб, 120 ўринга мўлжалланган. Бироқ йиллар давомида бино эскириб, авария ҳолатига келиб қолган, ўқувчиларнинг таълим олиши учун шароитлар етарли эмас эди. “Озод” МЧЖ қурувчилари томонидан 41-сонли мактаб филиалининг таъмирталаб биноси бузилиб, ўрнига 2 млрд. сўмдан зиёд маблағ эвазига 120 ўринли янги замонавий ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мактаб филиалининг очилиш маросимида Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров иштирок этиб, йиғилганларни барча шароитларга эга таълим маскани қад ростлагани билан табриклади.