3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни, деб эълон қилинган.

Ушбу сана мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланади ва бундан асосий мақсад ақлан ва жисмонан нуқсони бор замондошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Байрам муносабати билан тумандаги корхона ва ташкилотлар томонидан туманимизда яшовчи эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари берилди.

Байрам муносабати билан йўқлов тадбирлари давом этмоқда.

Бугунги кунда айрим хорижий давлатларда бўлаётган ўзаро низолар ва урушлар туфайли бегуноҳ болалар азият чекмоқда, майиб-мажруҳ ва ҳатто қурбон бўлмоқда. Бундан ташқари бағри тош, ёвуз ва ахлоқсиз кимсалар томонидан болаларга нисбатан зўравонликлар қилинаётганлиги ҳар қандай кишини қалбини ларзага солмоқда.

 

Ўзбекистон «Адолат» сотциал-демократик партиясининг сайловолди дастурида адолатли жамият қуриш, жумладан, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан қилинадиган зўравонликларнинг ҳар қандай туридан асраш, ҳимоя қилиш ва шунингдек, болаларнинг таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, касб-ҳунар эгаллаши, даволаниши учун барча шарт-шароитларни яратиш ғоялари илгари сурилган.

 

Кўзда тутилган мақсадларни тўлақонли амалга оширишни қонун билан ҳимоялаш мақсадида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси бўйича жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида тарғибот ишларини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилган эди. Унга асосан махсус режа тузилиб, партиянинг Наманган вилоят Кенгаши раҳбарлигида барча туман ва шаҳар кенгашлари раислари, депутатлар, партия фаоллари, адлия, ички ишлар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, маънавият ва маърифат бўлимлари ҳамда бевосита жамотчилик иштирокида жойларда янги қонун лойиҳаси батафсил ўрганиб чиқилиб, муҳокама этилди ва таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Ўтказилган тадбирлар бевосита вилоят телевидениесининг «Диёр» ахборот дастурида ва ҳокимятлар муассислигидаги вилоят ва туман газеталарида, ижтимоий тармоқларда тўлақонли ёритиб  борилди.

 

Мазкур қонун лойиҳасини аҳоли ўртасида тарғиб этиш ишларида  партиянинг вилоят кенгаши раиси ўринбосарлари Баҳодир Болтабоев, Ёрқиной Ҳожиматова, Наманган давлат университети табиий фанлар факультети талабаси, «Ёшлар қаноти» етакчиси Шаҳзод Нўъмонов, шунингдек, шаҳар ва туман кенгашлари раислари, депутатларимиз, аёллар қаноти етакчилари фаоллик кўрсатишди.

 

Жойларда ўтказилган давра суҳбатларида вилоят ички ишлар бошқармасининг ёшлар билан ишлашни ташкил этиш бўлинмаси бошлиғи Улуғбек Шарипов, Тўрақўрғон туман ички ишлар бўлимининг ҳудудий инспектор-психологи Жаҳонгир Неъматуллаев, «Аёллар қаноти» раиси Наргизахон Абдулазизова, Уйчи туман кенгаши депутати Раҳмонберди Исмоилов, Чуст тумани «Боло» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фурқатжон Маҳмудов, Поп тумани Адлия бўлими юрист-консультанти И. Бароталиева кабилар  муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти билан таништиришда фаоллик кўрсатишди.

 

Қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этганлар якдиллик билан болаларга қилинадиган ҳар қандай зўравонлик - келажакка қилинган зўравонлик, дея эътироф этишди.

Икки ой давом этган муҳокамада иштирокчилар томонидан ўнлаб таклифлар билдирилди ва болаларнинг энг устун манфаатларига зид бўлган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлар, жумладан уларнинг ҳаёти, соғлиги, шаъни ва қадр-қимматини поймол этишга уринишлар қонун билан ҳимоя қилинсагина кўзланган мақсадга эришилади. Бунда ота-оналар, жамоатчилик кўз-қулоқ бўлиб, азиз фарзандларимизни ҳар қадамда назорат ва ҳимоя қилиб борсалар руҳан тетик, бакамол авлод етишади ва улар ватан равнақи, тараққиёти учун муносиб бўлиб вояга етадилар.

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

халқ депутатлари туман Кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарш курашиш масалалари доимий  комиссияси раиси.

Бугунги кунга келиб, ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, нафақат кундалик ҳаётимиз, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи, рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни самарадорлигини оширишни  ҳам уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Албатта ахборот-коммуникация технологиялари самарали ишлашида алоқа линияларининг ўрни беқиёсдир. Алоқа линияларидаги қисқа муддатли узилиш ёки тўхталишлар фуқароларга кўрсатилаётган интернет хизмати сифати пасайишига ёки умуман тўхташига сабаб бўлиши мумкин.

Алоқа линиялари муҳофазасини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 15 майдаги 210-сонли қарори билан “Телекоммуникация линиялари ва иншоотларини муҳофаза қилиш Қоидалари” тасдиқланган.

Мазкур Қоидада, алоқа линияларининг ҳимоя зонасида(ҳар икки томондан 2 метрдан) телекоммуникация эгаларининг розилигисиз турли қурилиш ишларини лойиҳалаштириш, ҳар хил иншоотлар ўрнатиш, тупроқни текислаш ёки чуқурлатиш, бетон тўсиқлар қуриш, кўп йиллик дарахтлар ва мевали кўчатлар экиш, чиқиндиларни ташлаш, оғир юкларни ва автотранспорт воситаларини тўхтатиб қўйиш, кабел линия иншоотларини жойини ўзгартириш ер сатҳини суриш текислаш, коммуникация иншоотларини олиб ўтиш каби ҳар турдаги ишлар, турли ҳажмдаги қувурларни тушириш ва сақлаш таъқиқланган.

Алоқа линияларини муҳофаза ҳудудларида ишларни, алоқа линиялари эгалари билан келишгандан сўнг, вакил иштирокида ишлар олиб  бориш тартиби ҳамда ушбу Қоидаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва алоҳида шахслар (юридик ва жисмоний шахслар) томонидан бажарилиши мажбурий эканлиги белгиланган.

Ҳокимликлар, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар алоқа коммуникацияси эгаларига ушбу коммуникацияларнинг шикастланишининг олдини олишда ва барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқаролар томонидан мазкур Қоидалар талабларини таъминлашда ўз ваколатлари доирасида ёрдам беришлари;

шунингдек, алоқа линиялари ва иншоотларини ҳимоя ҳудудларида тегишли рухсатномасиз ишлаш ва бузиш, бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари ҳамда етказилган зарарни қоплаш белгиланган.

“Ўзкомназорат” инспекцияси Наманган вилояти ҳудудий шуъбаси ва “Ўзбектелеком” АК Наманган филиали томонидан алоқа линиялари ва иншоотларини муҳофаза қилиш бўйича огоҳлантириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борилишига қарамай, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқаролар томонидан алоқа корхоналаридан тегишли рухсатномалар олмасдан, уларни вакиларини чақирмасдан алоқа линияларини муҳофаза зонасида ер қазиш ишларини олиб боришлари натижасида 4 та ҳолатда алоқа линияларига шикаст етказилган. Мазкур ҳолатлар бўйича “Ўзкомназорат” инспекцияси Наманган вилояти ҳудудий шўъбаси томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 154-моддасига  асосан маъмурий жазо чоралари кўрилди.

Шу ўринда Косонсой туман аҳолисидан, уларга кўрсатилаётган телекоммуникация хизматларида узилишлар содир бўлмаслиги учун алоқа линиялари ҳимоя ҳудудларида “Телекоммуникация линиялари ва иншоотларини муҳофаза қилиш Қоидалари”га асосан иш олиб боришларини сўраб қоламиз.

“Ўзкомназорат” инспекцияси

Наманган вилояти ҳудудий шуъбаси

Косонсой туман Давлат солиқ инспекциясида туман ҳокими Дилмурод Қодиров раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда бюджет параметрларининг бажарилиши, ер ва мулк солиқларини ундиришда мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этилиши муҳокама қилинди.

Йиғилишда, шунингдек, солиқ тушумларини ўз вақтида ундириш аҳамияти ҳақида фикр юритилиб, бунда натижадорликка эришиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Муҳокамада туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А.Холматов, туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, солиқ инспекцияси инспекторлари, ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Кунлар совиб, қиш ўз ҳукмини ўтказиши билан аҳолининг иссиқлик манбаларига бўлган этиёжи ошади. Шундай кунларда муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам кўрсатиш ҳар бир раҳбар олдидаги масъулиятли бурчидир.

Ҳомийлар ташаббуси билан Косонсой туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўзгалар парваришига муҳтож, якка-ёлғиз ногиронлиги бўлган фуқароларни куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида 40 тонна кўмир ёқилғиси етказилди.

Дарҳақиқат, ҳар биримизнинг кўнглимизда яхши ниятлар, эзгу умидлар бўлса доимо бошимизга қут-барака ёғилаверади.