Косонсой тумани ҳокими хорижда ишлаётган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила-аъзолари билан учрашув ташкил этди.

Хориждаги яқин ватандошлар билан онлайн тарзда бўлиб ўтган мулоқотда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида яратилаётган кенг имкониятлар бўйича атрофлича маълумот берилиб, улардан унумли фойдаланишга ва ўз юртига келиб ишлашга чақирилди. Бунинг учун мигрантларга барча имкониятлар ишга солиниши, улар кафолатли иш ва ўқиш билан таъминланишлари тушунтирилди.

Шундан сўнг мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини мурожаатлари тингланди ва ҳал қилиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқ берилди.

Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосидакўкаламзорлаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Косонсой туманида ҳам акцияси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, яшил боғлар кўпайтирилмоқда.

Бугун ҳам туманнинг “Гўрмирон” маҳалласидаги жойлашган “Косонсой фарм” эркин иқтисодий зонасида кўчат экиш тадбири ўтказилди.

Туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, фаоллар, нуронийлар, маҳалла раислари, ИИБ ходимлари ҳамда ёшлар билан биргаликда манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Ерга қадалган ҳар бир кўчатни парвариш қилиш, ўз вақтида суғориш бўйича масъулар тайинланиб, зарурий тавсиялар берилди.

Маълумот учун, Косонсой туманида баҳорги мавсумда 843 минг туп мевали ва манзарали кўчатлар экиш режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 720 минг тупга яқин ниҳоллар ерга қадаб бўлинди.

Аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш, ечимини кутаётган масалалар юзасидан ижобий натижага эришиш мақсадида "Чорбоғ" маҳалласида Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров иштирокида фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда фуқаролардан ўзларини қизиқтирган саволларга ҳамда ечимини кутаётган муаммоларига бевосита туман раҳбаридан жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган қабулда фуқаролардан уй-жой, ичимлик суви, электр таъминоти бўйича, таълим, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, кредит, тиббий ёрдам, аукцион савдосига ер билан боғлиқ масала, тадбиркорлик фаолиятини юритишга оид 50дан ортиқ аҳоли мурожаатлари тингланди.

Айрим мурожаатлар жойида ечимга келтирилган бўлса, баъзиларига ҳуқуқий тушунча берилди, маълум бир вақт талаб этадиган мурожаатлар тегишлилиги юзасидан дахлдор мутасаддиларга бириктирилди ва ижроси назоратга олинди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган Сайхунобод ҳамда Уйчи тажрибасини барча ҳудудларга етказиш, аҳоли даромадини оширишда томорқа ва уй хўжалигидан самарали фойдаланишни жамоатчилик асосида назорат қилиш, муаммолар ечимига кўмаклашиш мақсадида Косонсой туманида ҳам бир қатор ишларни олиб бормоқда.

Президентимизнинг Наманганга ташрифларидан сўнг, бу ишлар тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

Бугун, 29 март куни Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров 1-сектор ҳудудига қарашли “Ҳуррият-1” маҳалласида бўлиб, “маҳалла еттилиги”, маҳаллага бириктирилган вакиллар билан аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини ошириш, томорқадан унумли фойдаланиб қўшимча даромад топиш, маҳаллани ишсизсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш юзасидан амалга оширилиши керак бўлган ишларни муҳокама қилди.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда 5 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланаётган “Косиблар” кўчасида фаолият кўрсатаётган Умида Мукаррамова корхонаси кўздан кечирилиб, фаолиятини кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, туман ҳокими кам даромад топаётган аҳолини миграциядан қайтариш бўйича уларнинг оила-аъзолари билан суҳбатлашиб, ўзимизда ҳам яхши даромадли иш билан таъминлаш чоралари кўрилаётганини таъкидлади ҳамда чет элда бўлган фуқаролар билан телефон орқали суҳбатлашди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли меҳнатга жалб қилиш бўйича жойларда учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Хусусан, бугун Косонсой тумани Миллий маданият марказида Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки бошқаруви раиси Шуҳрат Атабаев, туман ҳокими Дилмурод Қодиров ва тегишли ташкилотлар вакилларининг тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Банк мижозлари фаолиятларини ривожлантириш, кўпроқ иш ўринлари яратиш, янги лойиҳалар учун кредитлар ажратилиши, имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланиш борасида ҳам фикр юритилди.