Янгиликлар
Косонсой тумани ҳокимлиги 26 январь – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни билан сиз, азизларни самимий муборакбод этади.
Сизларнинг зиммангизга мамлакат хавфсизлигини таъминлашдек масъулият юкланган. Юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилишда, божхона сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этишдаги ишларингиз шарафлидир.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган барча божхона ходимларини касб байрами билан табриклаймиз ҳамда уларга машаққатли фаолиятларида куч-қувват ва сиҳат-саломатлик тилаймиз.
☑️ Касб байрамингиз муборак бўлсин!
Косонсой тумани ҳокимлиги
Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бебаҳо қадриятлари, миллий анъаналари ва либосларига меҳр уйғотиш ва ўзбекона кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида Косонсой туманидаги 9-сонли айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб интернатида «Миллий либослар куни» жорий этилган.
Кун муносабати билан таълим муассасаларининг барча ўқитувчилари ва ўқувчилар халқимизнинг минг асрлик ўтмиши, қадимий урф-одат ва анъаналари, эстетик қарашлари шунингдек, ўзига хос хусусиятларини мужассам этган атлас ва адрас каби кўзни қувнатадиган, ёрқин ранглари, такрорланмас нақшлари билан кишига хуш кайфият бағишлайдиган миллий либосларда таълим жараёнида иштирок этмоқдалар.
Жорий йилнинг 18-19-20 январь кунлари Тошкент шаҳрида «Янги йил юлдузлари» Республика мусиқий ва ижодий танлови бўлиб ўтди. Ушбу танловда Косонсой туманидаги 3- ҳамда 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабларининг бир гуруҳ ўқувчилари ютуққа эришдилар.
Хусусан, 3-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари Академик хонандалик йўналиши бўйича Шайдо Эргашева (1-ўрин), Анъанавий чолғу йўналиши бўйича Нодирабегим Муҳиддинова (2-ўрин), Бахшичилик йўналиши Муҳаммадзоҳид Ҳасанов (3-ўрин);
4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби “Анъанавий хонандалик” синфи ўқувчилари Гулина Исаева (1-ўрин), Заҳро Маҳкамова (1-ўрин), Бекзодбек Турдалиев (1-ўрин), Сафина Қаҳрамонова (1-ўрин)ни эгаллаган бўлса, “Эстрада хонандалик” синфи ўқувчиси Шодия Исломжонова (3-ўрин), “Амалий санъат” синфи ўқувчилари Ирода Ҳусанбоева (2-ўрин), Музаффархон Аҳмадхонов (3-ўрин), Мубинахон Исроилхонова (3-ўрин)ни эгаллаб, диплом билан тақдирландилар.
Албатта, ушбу ютуқлар замирида устозларининг муносиб меҳнатлари беқиёс. Барча ўқувчиларни ушбу муваффақият билан қутлаб, бундан ҳам каттароқ эътирофлар насиб этишини тилаб қоламиз.
Мамлакатимизда ёшларга эътибор масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, уларнинг қизиқишлари бўйича ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, жойларда раҳбарлар ёш авлод вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, таклиф ва мурожаатларини ижобий ечимга келтириш чораларини кўришмоқда.
Бугун Косонсой туманида жойлашган Ихтисослаштирилган мактабда туман ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда йигит-қизлар ўз мурожаат ва таклифлари билан қатнашдилар.
Тадбир давомида ёшларнинг келажакда ўз йўлларини топишлари ва фаолиятларини самарали йўлга қўйишлари учун барча зарур шароитлар яратиш энг муҳим вазифа экани таъкидланди. Шу билан бирга, мулоқотда билдирилган таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиши, кўтарилган муаммоли масалалар эса тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал қилиниши бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Мазкур очиқ мулоқот ёшларнинг долзарб масалалари ва ташаббусларини муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш бўйича амалий қадамлар ташлашда муҳим майдон бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 18 октябрда қабул қилинган “Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-977-сонли Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонуннинг 7-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари:
Фуқаролик ишлари бўйича судларга,
тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бериладиган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан;
болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, ота-оналарнинг муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги, уларни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этиш, болаларни ота-оналаридан уларни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этмасдан олиб қўйиш ҳақидаги, шунингдек, агар ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган ота-оналарнинг ўз болалари билан биргаликда яшаши мумкин эмас деб белгиланса, уларни бошқа турар жой бермасдан кўчириб юбориш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ҳамда оилалар манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилинганда давлат божини тўлашдан озод қилинди.
Маъмурий судларга,
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ҳамда оилалар манфаатларини кўзлаб берилган аризалар ва шикоятлар юзасидан судга мурожаат қилинганда давлат божини тўлашдан озод қилинди.
Мазкур Қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтиришга, шунингдек ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда уларнинг сифатини оширишга хизмат қилади.
Равшан Ражабов,
Косонсой тумани "Инсон" ижтимоий
хизматлар маркази ҳуқуқий масалаларда
эксперт маслаҳатчиси










