ПАХТА ҲОСИЛИГА ҲОСИЛ ҚЎШИБ, БУ ЙИЛГИ МАВСУМНИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗАЙЛИК!

 

Косонсой тумани фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг фермерларга

МУРОЖААТИ

 

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа ходимлари!

Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, биз фермер ва деҳқонлар томонидан туманимиз  бўйича 3 204 гектар майдонларда чигит қадаб, машаққатли меҳнатимиз эвазига пахтадан мўл ҳосил йиғиштириб олиш палласида турибмиз.

Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, айниқса бу йил июль ойининг ҳар йилгидан кўра ўта иссиқ келишига қарамасдан Сиз фермерлар даладан чиқмасдан ердан мўл ҳосил етиштириш учун меҳнат қилаётганингиз – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир.

Халқимиз Сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олийжаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди.

Аслида бунинг замирида Сиз ва бизнинг фидойилигимиз орқали мамлакатимизнинг иқтисодиётига ҳисса қўшишдир. Шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди деб билгувчи инсон ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этиши керакдир.

Фермер- ерга пахта уруғини қадаган маҳалдан бошлаб кун санайди: умид билан қадаган ниҳолни тўла-тўкис ундириб олгунича озмунча тер тўкадими, меҳнат қиладими?

Мураккаб об-ҳаво шароитидан тортиб, энг керакли агротехник тадбирларни қўллашгача бўлган жараёнлардан эсон-омон ўтиш осон кечмайди, албатта. Энг муҳими, бу йилги июль ойининг жазирама иссиқ кунида пахтанинг ҳосилини олиб қолиб,   туну кун қилган ҳалол заҳматли хизматлари меваси нақадар тотли эканини ҳосил пишиб етилиб, ўз вақтида териб-йиғиб олиниб, хирмонга тўкилган дамда, асосийси, белгиланган режалар ошириб уддаланганидан кейингина англаб етади. Ана шундагина фермернинг кўнгли хотиржам бўлади. Бунинг учун эса ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари бугундан бошлаб ўз пахта даласида “Долзарб – 30 кун” эълон қилиши лозим.

Ҳиммати баланд миришкор фермерлар!

Июль- август ойларида бажариладиган агротехник тадбирларнинг аҳамияти пахта ҳосилдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳосилнинг эртаги, сифатли ва мўл бўлиши айни шу ойдаги меҳнат натижаси билан ўлчанади. Зеро, ғўза агротехникаси талабларга мувофиқ бажарилса, ривожи тезлашиб, кўсакларга кўсак қўшилади, эрта пишиб етилади, ҳосилга барака киради.

Юқоридагидан келиб чиқиб, пахтадан юқори ҳосил олиш учун июль-август ойларида яна биз фермерлар томонидан агротехник тадбирларни амалга ошириш зарур бўлаётганлигини ҳамда ортиқча етиштирилган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча даромад олишингизни юракдан ҳис этиб, қуйидаги тадбирларни ҳар қачонгидан ҳам масъулият билан ёндашиб амалга оширайлик!

биринчидан, барча деҳқонларнинг ўрни далада бўлиши, айниқса сувчи, механизатор, энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи даркор;

иккинчидан, культиваторлар далада тўлиқ ишлашини ташкил этинг;

учинчидан, ғўзани яна бир марта шарбат усулида қондириб суғориш, бунинг учун сувчиларга барча шарт-шароит яратиб, тунги суғоришни йўлга қўйиб, суғориш ишларини якунланг; Бунда, сувдан тўғри, оқилона фойдаланинг, суғоришда кўллатмасдан суғориб, зовурга ташламаслик чораларини кўриб сувни ортиқча исроф қилинишига йўл қўйманг;

тўртинчидан, зараркунанда ҳашаротлар – кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира хуружидан ҳимоя қилишни кучайтиринг, уйғунлашган кураш чораларини кенг қўлланг;

бешинчидан, июль-августда бажариладиган агротехник тадбирларни яна бир нозик жиҳати шундаки, бу пайтга келиб, ғўза қатор ораларида шўра, ит узум, қўй печак, ғумай, сув ўти каби бегона ўтлар ҳам зўр бериб ўсади.

Ғўзадан баланд бўлиб, ҳашаротларни ўзига жалб этиш билан бирга, турли зарарли микроорганизмлар кўпайиб, пастки ярусдаги кўсакларни чиришига, макроспариоз ва бошқа чириш касалликлари кўпайишига олиб келади ҳамда ғўзага берилган ўғитни асосий қисмини ўзлаштиради.

Шу сабабли ҳар бир дала яна бир марта кўздан кечирилиб, бегона ўтларни сувдан кейин қўлда юлиб олиш ва барча пайкаллар бегона ўтлардан тозаланишига жиддий эътибор қаратинг.

олтинчидан, ривождан орқада қолган майдонларни алоҳида  назоратга олинг ва қолоқликдан чиқариш учун қушимча агротехник тадбир куланг;

еттинчидан, биологик стимуляторлар билан қўшимча ишлов беринг ғўза ривожи кечки бўлган далаларда ҳам пахтани эрта пишиб етилишига ва ҳосили баракали бўлишига эришинг;

саккизинчидан, ғўза қатор оралари туташиб-бирлашиб кетмаган далаларда 1–2 марта майин культивация қилинг.

Лекин, қатор орасида культивация шундай ўтказилиши керакки, бунда, ғўза тупларига зиён етказмасин, кўсакларни тўкмасин, ғўза пояларини пайҳон қилманг. Шунинг учун, культиваторларни ишчи органларини “Балиқ сирти” қилиб ўранг;

тўққизинчидан, кўчат сони қалин бўлган, ўсиб кетган ва ғовлаган ғўза майдонларни пастки кўсакларнинг чиришини олдини олиш учун варақлаш ишларини амалга оширинг;

ўнинчидан, ғўзанинг ҳосил тўплаши учун шароит яратинг, айниқса хорижий навларни эккан фермер хўжаликлари олимлар ва тажрибали мутахассислар тавсиялари асосида иш юритинг; 

ўн биринчидан, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари пахтачилик кластер корхоналари билан ҳамкорликда янада ишларни жадаллаштириб, юқоридаги тадбирларни амалга ошириб бу йил пахта ҳосилини ўтган йилгидан 4-5 центнерга ошириб, юқори даромад олишга эришинг.

Пахтачиликдаги бундай юқори натижалар, аввало, деҳқон ва фермерлар, пахта кластерлари ҳамда соҳа фидоийлари томонидан туну-кун қилинган машаққатли меҳнатининг, шунингдек, пухта ўйланган ислоҳотлар ва илмий ёндашувларнинг муносиб самараси демакдир.

Хабарингиз бор, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизда асосий эътиборни сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни фаол жорий этиш, хўжалик ва корхоналарнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг муҳими, деҳқон ва фермерларнинг оғирини енгил қилишга қаратмоқдамиз.

Айнан муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 28 мартдаги 131-сонли қарорига биноан, пахтадан 50 ц/гадан юқори ҳосил олган фермерларга бир қатор имтиёзлар жорий этилган.

Жумладан,

ижарага олинган ерларнинг 25% қисмига алмашлаб экиш ҳуқуқи (чорва озуқаси, сабзавот, мойли экинлар);

фермерлар кенгаши аъзолик бадали 0,6 фоиз ўрнига 0,3% этиб белгиланди;

ер солиғида базавий ставкага нисбатан мутаносиб равишда 3 каррагача камайтирувчи коэффициентлар қўллашга рухсат берилди. Сиз пахтадан юқори ҳосилдорликка эришиб ушбу имтиёзлардан фойдаланинг!

Ҳурматли кластер корхоналари раҳбарлари!

Сизларнинг эътирофга арзигулик даражадаги бизнес режаларингиз асосида, бир неча йиллар фақат хом-ашё сифатида сотилган толаларимиз, бугунги кунда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот бўлиб миллий иқтисодиётимиз  ўсишига ва экспорт салоҳиятимиз мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Қолаверса, Сизларнинг режаларингизни омили ҳам етиштирилган ҳосилни ўз вақтида сифатли йиғиб олинишга боғлиқдир.

Шунинг учун қуйидаги тадбирларни оғишмай амалга оширинг!

биринчидан, пахта қабул қилиш масканларини фермерлар хўжаликлар томонидан етиштирилган пахта хомашёсини қабул қилиш мавсумига тайёрланг;

иккинчидан, фермер хўжаликлари билан биргаликда пахтани йиғиб-териб олиш учун кўнгилли теримчиларга шарт - шароитлар яратинг;

учинчидан, илғор фермер хўжалик раҳбарлари билан ҳамкорликда пахта териш машиналарини харид қилинг.

Ҳурматли фермер ва деҳқонлар!

Барча имкониятларни ишга солиб машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилингизни нест-нобуд қилмасдан, йиғиб-териб олишда ишчиларингиз ҳамда кўнгилли теримчиларга шарт-шароитлар яратинг.

2025 йил ҳосилини қисқа фурсатларда ва сифатли йиғиб олиш ишларини ташкиллашда бутун масъулият Сизнинг зиммангизда эканлигини унутманг!

Азиз фермер ва деҳқонлар!

Пахта йиғим-терими мавсумида шундай меҳнат кўтаринкилигини ташкил қилайликки, токи ҳар бир Ўзбекистонликман, деган инсон ўзини деҳқондек ҳис этсин. Бободеҳқон елкасидаги юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, эл-юрт ташвишига шериклик қилиш, деҳқоннинг зафарларидан фахрланиш учун курашиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!

Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтиришга, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда “Долзарб 30 кун” мобайнида пахта далаларига янада ишлов беришга ва пахта йиғим-терими мавсумида фаол қатнашишга даъват этамиз!

 

 

 

Косонсой тумани фермерлари кенгаши  Раёсат аъзолари

 

Ҳурматли ва азиз фермерлар!

Бугунги глобал иқтисодий ва экологиявий шароитда дунёда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келиш хавфи ортаётган бир пайтда, қишлоқ хўжалигида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, юқори ҳосил олиш ва озиқ-овқат экинларини кўпайтириш муҳим вазифага айланмоқда. Шу мураккаб шароитда деҳқон ва фермерларимиз барчадан кўра масъулиятли ва фидокорона меҳнат қилмоқда.

Азалдан халқимиз нонни улуғ неъмат сифатида қадрлаб келган. Етиштирилган ҳосилнинг ҳар донасини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш деҳқон меҳнатининг бир қисми ҳисобланади. Энди эса асосий вазифа — ғалладан бўшаган 6145 минг гектар ерларга такрорий экинларни ўз вақтида экиш, юқори ҳосилдорликка эришиш ва аҳоли дастурхонини тўкин қилишдир.

Сўнгги йилларда фермер ва деҳқонларимизнинг самарали меҳнати, илмий асосланган агротехнологиялардан фойдаланиш, бозор механизмларининг кенг жорий қилиниши эвазига соҳадаги иш самарадорлиги ва даромаддорлик ортиб бормоқда. Илгари фойдаланилмаган ерлар ўзлаштирилмоқда, кластерлар билан ҳамкорлик кенгаймоқда.

Фермер ва деҳқонларимиз мамлакат тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга катта ҳисса қўшмоқда. Ёшларга ер ажратиш бўйича Президентимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаш натижасида қарийб 700 гектар ер ажратилиб, тажрибали фермерлар томонидан ёшларга кўмак кўрсатилмоқда.

Бундай ерларда деҳқончилик қилаётган шижоатли, ғайратли ёшларимиз бугун биринчи ҳосилни йиғиштириб олишаяпти ва иккинчи экинни экишни бошлаб юборишди.

Натижада, 700 нафардан ортиқ ёшлар мавсум давомида 10–15 миллион сўм миқдорида даромад олиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Ҳурматли фермерлар!

Бошоқли дон ҳосилини йиғиштириш, ғалладан бўшаган ерлардан самарали фойдаланиш, экспортбоп сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда масъулиятингизни янада ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишингизни сўраймиз:

Биринчидан, етиштирилган бошоқли донни қисқа муддатда, йўқотишларсиз йиғиштириб олиш учун зарур ташкилий ва моддий-техникавий чораларни кўринг;

Иккинчидан, ғалладан бўшаган ерларни сомондан тезкорлик билан тозалаш, шудгорлаш ва экишга тайёрлашни ташкил этинг;

Учинчидан, уруғлик ва кўчат ва шудгорлаш ишларини амалга ошириш учун Фермерлар кенгаши ҳузуридаги Жамғармадан 18 ойга кам фоизли кредит олинг;

 Тўртинчидан,  ерларни биринчи навбатда ишсизлар, эҳтиёжмандлар, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтаридаги фуқаролар ҳамда самарали томорқачиларга ўртача 20 сотихдан мавсумий ижара асосида беғараз ажратинг ва экиш ишларида амалий ёрдам кўрсатинг;

Бешинчидан, ажратилган ерларда такрорий экинларни тўлиқ экиб, экспортбоп маҳсулот етиштиринг, шу орқали ўзингиз ҳамда мамлакатимиз аҳолисининг даромадини оширишга ҳисса қўшинг.

Бу каби саховатли ва фидокорона ишларингиз Президентимиз томонидан қатор Фармон ва қарорлари билан қўллаб-қувватланиб, солиқ имтиёзлари берилаётганини алоҳида таъкидлаймиз. Шунингдек, туман сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, Фермерлар кенгаши, кластерлар ва экспортёр корхоналар томонидан Сизга зарур ёрдам кўрсатилади.

Айниқса, 15–20 сотих ерда деҳқончилик билан шуғулланаётган фуқаролар ўртача 8–10 миллион сўм даромад олишлари мумкин. Бу орқали сизлар ёшлар, аёллар ҳамда хориждан қайтган фуқароларни иш билан таъминлашда муҳим рол ўйнайсиз.

Азиз ва қадрли фермерлар!

Халқимиз сизларни "ризқ-рўзимиз бунёдкорлари" сифатида ардоқлайди. Сизнинг шижоат ва меҳнатингиз туфайли дастурхонимиз тўкин, бозорларимиз арзон ва турмушимиз фаровон бўлади.

Мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фермер ва деҳқонларнинг ўрни беқиёсдир. Биз барчангизни Юртбошимиз ишончини оқлаш, юртимиз равнақи ва халқ фаровонлиги учун ҳалол, сидқидилдан меҳнат қилишга чақирамиз.

Сизларга сиҳат-саломатлик, эзгу ишларингизга қут-барака тилаймиз. Бу йилги мавсумда ҳам улкан хирмонлар барпо этиб, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши ҳаммамизга насиб этсин!

 

Косонсой тумани фермерлари кенгаши

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу фармонни қабул қилишдан кўзданган асосий мақсад 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ва камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш, давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 115 та жамият устав капиталидаги улушларни, 659 та кўчмас мулк объектини ва 6,1 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш, дастлабки босқичда камида 30 та фойдали қазилма кон ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога чиқаришт белгиланган.

Фармон билан иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор улушини ошириш мақсадида 2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни (мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ корхоналар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ташкил этишга мораторий жорий этилди.

Шунингдек, Фармонга асосан 2025 йил учун хусусийлаштириш дастури Наманган вилояти бўйича давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 8 та жамият устав капиталидаги улушларни, 69 та кўчмас мулк объектини ва 274,4  гектар ер участкаларини савдога чиқариш режалаштирилган.

Бугун Косонсой тумани "Гулбоғ" маҳалласи ҳудудида “Меҳр булоғи” номли кундузги парвариш хизмати ўз фаолиятини бошлади.

Айрим касаллик тоифаларидаги 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматининг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Шералиев, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори А.Атамов, нуронийлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

“Меҳр ва эътиборга муҳтож болаларга муносиб шарт-шароит яратиш — фақат оилалар учунгина эмас, балки жамиятнинг келажаги учун ҳам муҳим. “Меҳр булоғи” ота-оналарга суянч, болаларга эса ижтимоий ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор бўлади”, - деди Дилмурод Қодиров ўз сўзида.

Ушбу муассасада болаларга реабилитация хизматларини кўрсатиш учун барча шароитлар ва қулайликлар мавжуд. Айтиб ўтиш жоизки, мазкур ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг бандлиги ҳамда меҳнат қилиши учун имконият ва шароитлар яратилади, болаларнинг эса ижтимоийлашувига кўмаклашилади.

Маълумот учун, бугунги кунда Косонсой туманида 47 нафар кундузги парвариш хизматига тиббий кўрсатмалари мос келадиган болалар мавжуд бўлиб, биринчи босқичда уларнинг 10 нафари кундузги парваришга жалб этилди.Косонсой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Бугун Косонсой туманидаги “Боғибаланд” маҳалласида ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида "Кундузги парвариш хизмати" маркази фаолият бошлади.

▫️Марказнинг очилиш маросимида Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Шералиев, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори А.Атамов, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

“Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини ошириш — давлатимиз сиёсатининг муҳим бўғинидир. Кундузги парвариш хизмати ана шу эзгу мақсадга хизмат қилишига ишонаман”, - деди туман ҳокими ўз сўзида.Маълумот учун, ушбу хизмат ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 баллдан 62 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги “Камбағал оилалар реестри” ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга, ҳафтада 5 иш куни давомида кунига 8 соатгача кўрсатилади. Шунингдек, 3 маҳал иссиқ овқат ва қатнов учун махсус транспорт воситаси ташкил этилган.

Косонсой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.