Бугун Косонсой туманидаги “Боғибаланд” маҳалласида ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида "Кундузги парвариш хизмати" маркази фаолият бошлади.

▫️Марказнинг очилиш маросимида Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Шералиев, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори А.Атамов, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

“Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини ошириш — давлатимиз сиёсатининг муҳим бўғинидир. Кундузги парвариш хизмати ана шу эзгу мақсадга хизмат қилишига ишонаман”, - деди туман ҳокими ўз сўзида.Маълумот учун, ушбу хизмат ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 баллдан 62 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги “Камбағал оилалар реестри” ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга, ҳафтада 5 иш куни давомида кунига 8 соатгача кўрсатилади. Шунингдек, 3 маҳал иссиқ овқат ва қатнов учун махсус транспорт воситаси ташкил этилган.

Косонсой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.