Янгиликлар
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Косонсой туманида амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш ишлари ва тегишли ҳужжатлар ижроси бўйича йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Президентнинг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон ва ПҚ-111-сон қарорлари ҳамда мазкур қарорлар асосида ишлаб чиқилган “йўл хариталари” ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабат муҳитини шакллантириш, бу борада самарали профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш давомида “маҳалла еттилиги” ва “ижтимоий профилактика”га масъул бўлган мутасаддилар иштирокида йўл харитасида белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди. Хотин-қизлар, ишсизлар ва муқаддам судланган шахслар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш, индивидуал профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Муҳокама якунида масъул идоралар раҳбарларига белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан аниқ кўрсатма ва вазифалар юклатилди. Уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Ўрганиш ва таҳлил ишлари белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Наманган вилоят ёшлар марказида ташкилланган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерлар жам бўлишди.
Тадбирда иштирок этган Наманган вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов соҳа ходимларини қизғин табриклаб, уларнинг меҳнатларини эътироф этди.
Тадбирда «Долзарб 90 кун» тадбирлари ёшларга берилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар, улар ҳаётида содир бўлаётган жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказишда, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб боришда яқиндан кўмакчи бўлганликлари учун бир қатор серқирра журналистлар, ахборот хизмати раҳбарлари ҳамда блогерлар агентликнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Косонсой туманидаги ўрганишлари давомида "Долзарб 90 кун" тадбирларнинг ташкил этилиши билан ҳам танишди.
Хусусан, вилоят раҳбари туманнинг “Боғибаланд” маҳалласида жойлашган Косонсой ихтисослаштирилган мактабида бўлди. Ушбу таълим даргоҳида 451 нафар ўқувчи ўқийди. Ёзги таътил давомида ҳам уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида "Долзарб 90 кун" тадбирлари уюшқоқликда ташкил қилинмоқда. 12 та фан, 4 та спорт, 2 та ижодий тўгаракларга уч юздан ортиқ ўқувчи жалб қилинган.
Вилоят ҳокими спорт, инглиз тили, математика, биология, спорт тўгаракларидаги машғулот жараёнлари билан танишиб, болалар билан суҳбатлашди.
Албатта, ушбу муҳим ва айни кунда долзарб бўлган ташаббус ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини ҳам мазмунли, мароқли ва соғлом ўтказишлари учун хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-330-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Косонсой туманида аҳоли томорқаларини суғориш тизимини яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Жумладан, туманнинг “Қуқумбой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2 та тик қудуқ қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда барча қудуқларда қурилиш ишлари тўлиқ якунланган.
Ушбу қудуқларда сув тортиш тизими замонавий технологиялар асосида ташкил этилган бўлиб, 20 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, сув чиқариш ишлари тўлиқ қуёш энергияси ёрдамида амалга оширилмоқда. Бу эса электр энергиясига бўлган эҳтиёжни камайтиради ва экологик жиҳатдан самарали ечим ҳисобланади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Косонсой туманидаги ўрганишлари давомида мазкур маҳалладаги жараёнлар билан танишиб, тик қудуқлар аҳоли томорқаларини мунтазам ва барқарор равишда сув билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
“Долзарб 90 кун” дастури доирасида Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг 2024 йил 3 июндаги 124-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Косонсой туманида ёшлар ўртасида “Мен қутқарувчиман” мусобақасининг биринчи босқичи ташкил этилди. Тадбир доирасида ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ёшлар етакчилари томонидан 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 7 нафардан иборат (5 нафар ўғил, 2 нафар қиз) терма жамоалар шакллантирилди.
☑️ Косонсой туманидаги спорт мактабида ўтказилган мусобақа қуйидаги шартлар асосида ташкил этилди:
▫️Эстафета беллашуви▫️Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш▫️Арқон тортиш▫️“Билимдон қутқарувчи” викторинаси
👉 Мусобақа якунида ғолиб жамоалар қуйидагича аниқланди:🥇 1-ўрин – А.Жомий МФЙнинг “Енгилмас” жамоаси;🥈 2-ўрин – “Боғибаланд” МФЙнинг “Алпомиш” жамоаси;🥉 3-ўрин – “Намуна” МФЙнинг “Қалдирғоч” жамоаси.
Мусобақа ғолибларига Косонсой туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан диплом ҳамда китоблар тўплами топширилди.
Мусобақада 1-ўринни қўлга киритган “Енгилмас” жамоаси вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.






