Бугун Косонсой тумани "Гулбоғ" маҳалласи ҳудудида “Меҳр булоғи” номли кундузги парвариш хизмати ўз фаолиятини бошлади.

Айрим касаллик тоифаларидаги 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматининг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Шералиев, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори А.Атамов, нуронийлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

“Меҳр ва эътиборга муҳтож болаларга муносиб шарт-шароит яратиш — фақат оилалар учунгина эмас, балки жамиятнинг келажаги учун ҳам муҳим. “Меҳр булоғи” ота-оналарга суянч, болаларга эса ижтимоий ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор бўлади”, - деди Дилмурод Қодиров ўз сўзида.

Ушбу муассасада болаларга реабилитация хизматларини кўрсатиш учун барча шароитлар ва қулайликлар мавжуд. Айтиб ўтиш жоизки, мазкур ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг бандлиги ҳамда меҳнат қилиши учун имконият ва шароитлар яратилади, болаларнинг эса ижтимоийлашувига кўмаклашилади.

Маълумот учун, бугунги кунда Косонсой туманида 47 нафар кундузги парвариш хизматига тиббий кўрсатмалари мос келадиган болалар мавжуд бўлиб, биринчи босқичда уларнинг 10 нафари кундузги парваришга жалб этилди.Косонсой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.