Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида 16 ноябр – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб, жорий йилнинг 13-19 ноябр кунлари мамлакатимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан Косонсой туманида ҳам туман ҳокимлиги, Диний қўмитанинг туман бўйича бош мутахассиси, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда "Нуроний" жамғармаси туман бўлими ҳамкорлигида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган туркум тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири туманнинг олис ва чегара олди ҳудуди ҳисобланадиган “Равот” маҳалласида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз!” шиори остида бўлиб ўтди.
- Албатта, бу каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни турли, миллат вакиллари, уларнинг урф-одатлари, қадриятларига ҳурмат руҳида камол топдириш ҳамда ягона мақсад - она Ватанимизнинг порлоқ келажаги йўлида жипслашишига замин яратишдан иборатдир, - дейди мазкур тадбирда сўз олган туман ҳокими ўринбосари А.Шералиев.
Дарҳақиқат, инсоннинг дини, тили, миллати, ирқидан қатъий назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида ҳаёт кечириш ҳам диний, ҳам миллий қадриятларимизга ҳамоҳангдир.






