Ер ҳисоби ва кадастр хизматларини яхшилаш борасида аниқ вазифалар давлатимиз раҳбари ҳузурида шу йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган муҳокамада белгилаб берилди.
Мазкур мажлис ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларини яхшилаш масалаларига бағишланди.
Унда соҳада қилинган ислоҳотлар эътироф этилди, кўпроқ бажарилиши лозим бўлган аниқ ишларга тўхталиб ўтилди. Хусусан 146 минг километр ички йўллар ва атрофидаги ерларнинг ҳужжати йўқлиги таъкидланди.
Сув хўжалигида ҳам шу аҳвол. Сув ҳавзалари, канал ва коллекторлар атрофидаги бўш ерларни аукцион орқали аҳоли ва тадбиркорларга бериш мумкинлиги айтилди. Бироқ, бугунги кунда 827 минг гектар сув фонди ерларидан фақат 380 минг гектарининг кадастр ҳужжатлари бор.
Шу боисдан йўл ва сув фонди ерлари кадастрини якунлаб, улардан фойдаланишга шароит яратиш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари кадастр хизматларини кўрсатиш соҳасига хусусий секторни жалб қилиш, одамларга танлаш имконини бериш, яъни ҳоҳласа хусусий секторга, ёки давлат идорасига мурожаат қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Шубҳасиз, бу ҳозирги давр талаб этаётган муҳим вазифа - рақобат муҳити бўлса, давлат хизматлари кўрсатиш сифати янаям яхшиланади, қулайлик ошади.






