Урганч шаҳрида сув полоси бўйича 2010-2011 йилларда таваллуд топган ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги баҳслари ўтказилди. Хоразм вилояти сув спорти турларига ихтисослаштирлган спорт мактаби сузиш ҳавзасида бўлиб ўтган мусобақада жами 11 жамоа совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақа финалида Наманган вилояти жамоаси хоразмлик тенгқурлари билан куч синашиб, 16:9 ҳисобида ғалаба қозонди ва мамлакат кубогини қўлга киритди. Кучли учликка Тошкент шаҳри жамоаси якун ясади.
Қувонарлиси, ғолиблар сафида Косонсой туманидаги 14-сонли умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Султонхонова Сабрина ҳам бор. Ушбу муваффақият билан ҳамюртимизни табриклаймиз.
Шунингдек, ўғил болалар жамоалари ўртасидаги ўйинлар ҳам муросасиз руҳда кечди. Финалда Наманган вилояти ва Тошкент шаҳри жомоалари ўзаро куч синашиб, қарама-қарши ҳужумлар остида кечган ўйин 15:12 ҳисобида наманганлик спортчиларнинг ғалабаси билан якунланди. Мазкур мусобақада 3-ўрин Сирдарё вилояти жамоасига насиб этди.
Мусобақалар сўнггида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан таъсис этилган медал ва эсдалик совғалари топширилди.






