Экинлардан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорнинг аҳамияти катта. Ота-боболаримиз “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда” деб бекорга айтишмаган. Зеро, сифатли ўтказилган кузги шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади.
Бугун Косонсой туманида ҳам кузги шудгорлаш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Косонсой туманидаги Қуқумбой ММТП ҳудудига қарашли “Мусоариқ тонги” фермер хўжалигида 2024 йил ҳосили учун пухта замин яратиш юзасидан кузги шудгорлашни сифатли ўтказиш, ерга-ер қўшиш, дала четларига кўчат экиш, ички ариқларни тозалаш ҳамда бетонлаштириш, тўқсонбости экинларини экиш тадбирини сифатли ўтказишга бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, туман секторлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига ташкилотлари ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари, механизаторлар иштирок этишди. Семинарда 2024 йил ҳосили учун шудгорлаш ишларини ташкил этиш ва ўтказиш комплекс чора-тадбирлар ижросини тўлақонли таъминлаш бўйича долзарб вазифалар юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Тадбирда ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор ва плуглар олдиндан ишга шай ҳолга келтирилиши, далалар эса ҳайдовга тайёрланган бўлиши ҳамда ҳайдов тўғри ташкил этилиши доимо назоратланиши тўғрисида тавсиялар берилди.
Семинар давомида шудгорлаш, ерга ер қўшиш, дала четларига кўчат экиш, дала маданияти, ички ариқларни тозалаб чопиш ва бетонлаштириш, боғ оралари ҳамда карта қирғоқларига тўқсонбости усулида экинлар экиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва унинг истиқболлари, шу билан биргаликда ҳоким ёрдамчиларига керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.






