Ўтган йили Наманганда илк маротаба «Халқаро асал фестивали» ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россия давлатларидан ташриф буюрган 300 дан зиёд тажрибали асаларичилар иштирок этди.

Бу йил ҳам 27–29 октябрь кунлари Наманган шаҳридаги «Aфсоналар водийси» тематик паркида II халқаро асал фестивали ўтказилади.

Фестивал доирасида «Имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга асал улашамиз» акцияси ўтказилиб, 2 тоннадан ортиқ асал бепул тарқатиш кўзда тутилган.

Таниқли санъаткорлар иштирокида галаконцертлар намойиш этилади.

Иштирокчилар мутахассислар томонидан етти йўналиш бўйича баҳоланади ва ғолиблар вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси томонидан таъсис этилган совринлар билан тақдирланади.