Ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Унда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Косонсой туманида қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган дала майдонлари четларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш масаласига бағишланган семинар ўтказилди.

Туманда жорий йил кузида 440 та фермер хўжаликларида 114 гектар майдонга тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб, 393 мингдан зиёд тут, ток ва мевали кўчатлар экиш режалаштирилган. Семинарда кўчатларга жой тайёрлаш, экиш, парваришлаш, даромад миқдори, бу борада ажратиладиган кредит маблағлари, ундан самарали фойдаланиш каби мавзуларда вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Носиржон Каимов, қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги вилоят бўлими бошлиғи Бектош Аҳмаджановларнинг тавсиялари тингланди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, туман ҳокими Дилмурод Қодиров, вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Анваржон Гаппаровлар иштирок этишди.