Халқимизда “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган пурмаъно мақол бор. Бунда қишнинг тўқсон куни назарда тутилган. Бу нақл бежиз айтилмаган, негаки мутахассисларнинг таъкидлашича, кузда экилиб, қор остида қолдирилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради. Эрта баҳорда эса маҳсулотнинг бозори чаққон бўлиши сир эмас.

Косонсой туманининг Қуқумбой ММТП ҳудудидаги “Тошлоқсой олтин толаси” фермер хўжалигида “2023 йил ҳосили учун “тўқсонбости” усулида экспортбоп сабзавот экинлари экиш ишларини тизимли ташкил этиш” бўйича семинар йиғилиши ўтказилди.

Ушбу семинарда Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров, фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари, уста деҳқонлар, ҳоким ёрдамчилари ва томорқа ер эгалари қатнашдилар.Семинарда тўқсонбости экинларини экиш бўйича тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Маълумот учун, Косонсой туманида 2024 йил ҳосили учун жорий йил куз ойларида, 3480 гектар экин майдонларига пиёз ва саримсоқпиёз экинларини экиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 1369 гектар майдонда экиш ишлари якунланди. Айни кунларда қолган майдонларда экин экиш ишлари олиб борилмоқда.