Бугун, 23 сентярь куни Косонсой тумани “Баҳористон” маҳалласи “Шоҳсафед” массивидаги “Саванна” мототрассасида Косонсой тумани ҳокимлиги, Наманган вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан мотоспорт бўйича Наманган вилоят ҳокими кубоги 2-босқичи учун мусобақа ўтказилди.

Республикамизнинг турли вилоятларидан ҳамда Наманган вилоятининг барча туманлари ташриф буюрган 110 нафарга яқин мотоспортчилар ўзаро куч синашишди.

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан спорт ҳамда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга берилаётган эътибор ҳақида гапириб, барчани спорт билан доимо ҳамнафас бўлишга чақирди.

Умумжамоа ҳисобида Мингбулоқ тумани жамоаси пойга ғолиби бўлган бўлса, 2-ўрин Косонсой, 3-ўрин эса Наманган шаҳри жамоасига насиб этди. Уларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Маълумот учун, ушбу мусобақа Президентимизнинг 2023 йил 26 апрелда “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-135-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.