Бугун "Ўрикзор" маҳалласида янги "Шаҳризода“ оилавий нодавлат мактабгача таълим-тарбия маскани фойдаланишга топширилди.
Ўрикзор маҳалласида шу кунгача мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 95 нафарни ташкил этарди. Янги муассасани очилиши туфайли шундан 75 нафар болажонларга имконият яратилди.
Муассасада болажонларнинг таълим-тарбия олиши учун Давлат стандартлари асосида шарт-шароитлар яратилди.
Жажжиларга она тили, инглиз, рус тиллари мукаммал ўргатилади. Бундан ташқари, спорт, рақс машғулотлари ўтказиш учун етарли шароитлар яратилди. Болаларда илк компьютер билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш учун алоҳида хона ташкил этилиб, айни дамда жиҳозлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Муассасани очилиш маросимида қатнашган маҳалла нуронийлари, соҳанинг меҳнат фахрийлари, ота-оналар муассасани ташкилотчилари шаънига самимий фикрлар билдириб, дуога қўл очдилар.
Шуни таъкидлаш жоизки, ёш тадбиркор Асламхон Аҳроров ташкил этган бу мактабгача таълим муассасаси тумандаги бешинчисидир. Бундан аввал "Обод", "Ёшлик", "Гўрмирон", Махдуми Аъзам номли маҳаллаларида бундай муассасалар очилган ва айни пайтда фаолият кўрсатмоқда.






