Бугун аҳоли муаммоларига ечим топиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига ҳисса қўшишда маҳалла фуқаролар йиғинлари муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнига, фуқаролар йиғинлари ходимларига қулайлик яратиш, меҳнат шароити яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан Косонсой туманидаги “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғини идора биносига эга бўлди. Маҳалла биносининг расмий очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков кейинги йилларда юртимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини, яратилаётган шарт-шароитлар маҳалла бешлиги янада самарали фаолият олиб боришида катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими маҳалла фаолияти учун зарур бўлган мебеллар тўплами ва компьютер тўплами билан тўлиқ таъминлаб берди.
“Байрам арафасида маҳалламиз учун кичик бир тарих бўлди, сабаби барча қулайликларга эга бўлган бинода иш бошлаяпмиз, Президентимиз томонларидан белгилаб берилган тамойил асосида иш олиб боришга, маҳаллада жиноятчилик ва ажримга йўл қўймаслик, аҳолини иш билан таъминлаш ва оилавий даромадларини оширишга, миллий қадриятларимиз асосида турли тадбирларни ташкил қилиш масъулиятини юкламоқда”, - дейди “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Азизов.






