Мамлакатимизда тиббиёти ривожланган давлатлардаги каби энг илғор инновацион тараққиётга эришиш борасида жиддий қадамлар ташланмоқда. Айниқса, сўнгги уч йилда тиббий хизматни янада юксалтиришга дахлдор хайрли ташаббуслар соғлиқни сақлаш истиқболини белгилаб берди.
Давлат мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Косонсой туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилаётгани ана шу ислоҳотларнинг амалий кўринишидир. Бу ўз навбатида туман аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқади.
Мазкур поликлиника 2022-2023 йил инвестиция дастури доирасида 7 млрд. 500 млн. сўм маблағ эвазига “Сифат кафолат стандарт сервис” ХК томонидан реконструкция қилинди.
Бундан ташқари 690 млн. сўм маблағ эвазига барча мебель жиҳозлари янгиланди. Олдин марказий поликлиникада бўлмаган 90 ўринли фаоллар зали, инфекция хонаси, замонавий лифт, ёнғинга қарши сигнализация, эвакуация зиналари, фтизиатрия хонаси замонавий ижтимоий дорихона ва хар бир қаватда ички ҳожатхоналар ташкил этилди. Реконструкция натижасида хоналар кенг, ёруғ ва шинам холатига келтирилди. Янги қозонхона ташкил этилиб, иссиқлик тизими таъмирланди.
Бугун поликлиниканинг фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков иштирок этди. У ўз сўзида сўнгги йилларда мамлакатимизда, хусусан, Наманган тиббиётида ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётганини эътироф этди.
Маълумот учун, Косонсой тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси 55675 нафар фуқароларга хизмат қилади.






