Тажрибали миришкор деҳқон, олим-агроном, "Қўқимбой ҳосили" фермер хўжалиги раҳбари Абдурауф Мадалиев 67 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди.
Абдурауф Мадалиев 1956 йилда Косонсой туманида туғилган. Ўрта мактабни ва ўқув юртини аъло баҳолар ва намунали хулқ билан тамомлаган А.Мадалиев олим-агроном бўлиб етишган. Меҳнат фаолиятини Қўқимбой давлат хўжалигида оддий ишчиликдан бошлаган. 1974 йилдан 1998 йилларда шу хўжаликда бригада бошлиғи, агроном энтомолог, бўлим бошлиғи, бош ҳосилот, бошқарув раиси, 1998-2004 йилларда "Бўстон" МФЙ раиси, 2004 йилдан 2006 йилга қадар туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бош ҳосилоти, бўлим бошлиғи каби вазифаларда сидқидил меҳнат қилди. 2006 йилдан ҳозирга қадар "Қўқимбой ҳосили" фермер хўжалигини бошқариб келаётганди.
Абдурауф Мадалиев қаерда ва қайси лавозимда ишламасин меҳнаткашлиги, ташаббускорлиги, ўз соҳасининг пухта билимдони сифатида ибрат бўла олди. У нафақада бўлишига қарамай нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган эди.
Абдурауф Мадалиевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади. Марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.
Косонсой туман ҳокимлиги,Нуроний жамғармаси Косонсой туман бўлими






