Айни пайтда бутун сайёрамизда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологияга бўлган муносабат энг долзарб масалалардан бирига айлангани сир эмас. Бу борада амалга оширилиши керак бўлган кўплаб вазифалар орасида кўкаламзорлаштириш ва дарахт экиш, мавжудларини авайлаб-асраш алоҳида ўрин тутади.
“Агар дунёда чанг бўлмаганида, инсон минг йил умр кўрарди”, деб айтган эди улуғ аллома, тиб илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино. Атроф муҳит мусаффолигини таъминлашда эса, дарахтлар инсониятнинг беминнат кўмакдошларидир. Улар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради.
Бироқ, масъул ташкилотларнинг амалга оширилаётган ишларга сусткашлик билан ёндашиши ҳамда айрим шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларига бўлган тажовузкор ҳаракатлари, шу жумладан дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, инвестицион фаоллик суръатларининг, жумладан саноат ишлаб чиқариш, қурилиш, урбанизация ва бунёдкорлик кўламининг кескин кенгайиши аҳоли пунктларига тушаётган экологик юкламани камайтириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини олдини олиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бугуннинг долзарб масаласи ҳисобланади.
Кўриниб турибдики, экология ва атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ва “Яшил макон”лар барпо этишни жадаллаштириш, дарахтзор ва бутазорларни асраш ва шу каби бугунги кундаги энг долзарб вазифаларни ҳал этиш долзарблигича қолмоқда.
Маҳлиё АБДУАҲАТОВА,
Фарғона давлат университети филология факультети талабаси






