Косонсой туманидаги 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида нуронийлар, ўрта авлод ва вакиллари ва ёшлар иштирокида уч авлод учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов сўзга чиқиб, кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни, улар томонидан жойларда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
- Нуронийлар бор жойда тотувлик, тартиб-интизом ва меҳр-оқибат бўлади, - деди И.Нажмиддинов. - Катта ҳаёт тажрибасига эга отахону онахонлар бугун маҳалланинг юзи, уларнинг ибратли ҳаёти, олиб бораётган ишлари ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда. Биз, нуронийлар бирлашиб, бу фаолликни давом эттирсак, ёшларнинг дунёқараши кенгаяди ва соғлом фикрли авлодлар бўлиб улғаяди.
Тадбир "Қўша қариш саодат", "Матонат ва жасорат", "Нуроний ҳар бир оилага масъул", "Бир нуроний ўн ешга масъул" тамойиллари асосида лойиҳаларга уланиб кетди.
Кўп йиллардан буён қўша қариб, ували жували бўлган нуронийларимиз ёшларга ибрат мактаби сифатида намоён этилди.
Косонсой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати






