Бугун, 31 май куни Косонсой тумани “Баҳористон” маҳалласи “Шоҳсафед” массивидаги “Саванна” мототрассасида Косонсой тумани ҳокимлиги, Наманган вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси, Наманган вилояти Маданият ва туризм бошқармаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан мотоспорт бўйича Наманган вилоят ҳокими кубоги учун мусобақа ўтказилди.
“Шоҳсафед” массивига адреналинга бой мусобақанинг гувоҳи бўлиш учун Косонсой тумани ва қўшни туманлардан минглаб томошабинлар тўпланишди.
Республикамизнинг турли вилоятларидан ҳамда Наманган вилоятининг барча туманлари ташриф буюрган 80 нафарга яқин мотоспортчилар ўзаро куч синашишди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокимини ўринбосари Ботир Нуриддинов сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан спорт ҳамда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга берилаётган эътибор ҳақида гапириб, барчани спорт билан доимо ҳамнафас бўлишга чақирди.
Умумжамоа ҳисобида Косонсой тумани жамоаси пойга ғолиби бўлган бўлса, 2-ўрин Уйчи, 3-ўрин эса Поп жамоасига насиб этди. Уларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари, шунингдек, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритган Косонсой жамоасига махсус соврин топширилди.
Маълумот учун, ушбу мусобақа Президентимизнинг 2023 йил 26 апрелда “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-135-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.






