Мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар замирида халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти, ёшларнинг порлоқ келажагини таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Косонсой туманидаги "Замондош" маҳалласида жойлашган 9-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатида "Уч авлод учрашуви" тадбири ўтказилди.Тадбирга уч авлод вакиллари - меҳнат фахрийлари, афғон уруши қатнашчилари, фидойи ишчилар, кўплаб соҳа вакиллари ҳамда ёшлар таклиф этилди.
Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бундай маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди.
Ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди.
Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатлар бош мавзусига айланди.
Тадбир давомида ушбу маҳаллада яшаб ўтган ўқитувчи шоир Ваққосхон Мамадалиев, матлубот фахрийси Йўлдошхон Мамадалиев, тадбиркор Абдуламинхон Дадахонов ҳамда Бурхонхўжа Муллаев, Ҳасанхон Бузруковларни босиб ўтган ибратли ҳаёт йўллари ҳақидаги видеоролик иштирокчиларга тақдим этилди.
Кўтаринки руҳда ўтказилган тадбир сўнгида фахрли нуронийларга вилоят нуроний жамғармаси томонидан эсдалик совғалар топширилди.






