2023-2024 йилларда Косонсой туманида туризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасига асосан, Косонсой тумани М.Аъзам ҳамда А.Жомий номли маҳаллалар ҳудудида жойлашган мавсумий тарзда фаолият юритиб келаётган умумий майдони 4,2 гектар бўлган “дам олиш маскани” ўрнида, замонавий лойиҳалар асосида умумий қиймати 50,0 млрд сўм бўлган янги туризм маскани барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Хусусан, мазкур ҳудудда жойлашган сув ҳавзаларини реконструкция қилиш орқали, сув аттракционларини ўз ичига олган 1 та мажмуа ташкил этиш ва бир қисмида сув ҳавзаси (пляж) ташкил этиш;Ёшларни бўш вақтларини унумли ва мазмунли ўтказиш мақсадида, кутубхона, замонавий шахмат ўйинлари майдони, аттракционлар, маданий хордиқ чиқариш учун ёзги амфитеатр ташкил этиш;Шунингдек, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида, замонавий кемпинглар, автопарк, кино зали, алоқа бўлими ва савдо дўконлари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.
Шунга асосан, бугун вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Косонсой туманига ташрифи давомида мазкур ҳудудда ҳам бўлиб, амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар билан танишди. Ҳудуднинг йўллар инфратузилмасини яхшилаш, соғломлаштириш йўлакчалари ташкил этиш бўйича амалий ёрдам берилишини таъкидлаб ўтди.
- Косонсой - туризм учун энг қулай маскан. Бу ернинг иқлими, самимий инсонлари етти иқлимга таниш, -дейди, вилоят раҳбари.






