Косонсой туманида ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда ҳудудларда ўтказилаётган ёшлар билан очиқ мулоқотлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун “Нурафшон” маҳалласидаги 34-сонли умумтаълим мактабида Сенатор, Наманган вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов ҳамда Косонсой туман ҳокими Дилмурод Қодиров томонидан ҳудудда истиқомат қилаётган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда сўз олган Икромхон Нажмиддинов бугунги кунда ёшларнинг тарбияси ва унда кексаларнинг ўрни, таълим-тарбия жараёнларида одоб-аҳлоқ тушунчаларини кенгайтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни бирор касб-ҳунар эгаси бўлиши бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан эканлигини таъкидлаб ўтди.

Очиқ мулоқот давомида ёшлар томонидан иш билан таъминлаш, субсидия асосида меҳнат куроллари билан олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун айланма маблағларини шакллантириш мақсадида кредит ажратиш, маҳаллага оптик толали интернет тармоғи тортиш ва бошқа масалаларда мурожаат қилинди.

Аксарият масалаларни имконият даражасида жойида ҳал этиш чоралари кўрилган бўлса, маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар дахлдор ташкилотларга йўналтириб, ижроси назоратга олинди.