Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2022 йил 20 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва Ўзбекистон халқига мурожаатида 2023 йилда амалга ошириладиган 6 та устувор вазифалар белгиланганди.

Мурожаатномадан келиб чиқиб соҳалар кесимида 2023 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан Косонсой туманида ўтказилган йиғилишда сенатор Икромхон Нажмиддинов, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Алоходжаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Аҳмаджон Мукаррамов, туман ҳокими Дилмурод Қодиров, маҳалла мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Ёшларнинг тарбияси ва унда кексаларнинг ўрни, таълим-тарбия жараёнларида одоб-аҳлоқ тушунчаларини кенгайтириш, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимизни тарғиб қилиш, жиноятчиликни олдини олиш, ўзбек тилида иш юритиш ва сўзлашиш маданиятини ошириш масалалари алоҳида эътибор қаратилди ва бу соҳада олиб борилиши лозим бўлган вазифалар мутасаддиларга кўрсатиб берилди.

Президент мурожаатномасида 2023 йилда ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги алоҳида эътироф этилганди.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Косонсой туманидаги барча ўзини ўзи бошқариш органлари кутубхонаси учун 40 донадан китоблар тўплами тантанали тарзда маҳалла фуқаролар йиғинларига топширилди.

Китобларни ўзини ўзи бошқариш органларига тарқатишдан мақсад ҳар бир маҳаллада ўз кутубхонасини ташкил қилиш, аҳолини китобга бўлган қизиқишини ортириш, маҳалла аҳлининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва маҳаллаларнинг маънавий хазинахонасини янада бойитишдан иборатдир.

Дарҳақиқат, инсонга китобдан яхшироқ дўст йўқ дунёда. Бинобарин, бугун Косонсой маҳаллаларига улашилган нодир адабиётлар ҳам минг-минглаб одамларни ўзига ошно этади, албатта.