Косонсой туманида мавжуд 59 нафар ҳоким ёрдамчилари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар ва 2023 йилги режалари тўғрисида маҳалла фуқаролари олдида ҳисобот берилмоқда.

Хусусан, бугун “Боғибаланд” маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият олиб бораётган Муҳриддин Баҳриддинов 2022 йилда амалга оширган ишлари ва жорий йилдаги режалари хусусида фуқароларга ҳисобот берди ҳамда уларни қизиқтирган саволларига жавоб бериб ўтди.

“Маҳаллабай” тизимида ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими, нуронийлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди.

☑️ Маълумот учун, 2022 йил мобайнида “Боғибаланд” маҳалласида 280 та иш ўринлари яратилган. Жумладан, 46 таси доимий иш ўринлари, 9 таси якка тартибдаги тадбиркорликка йўналтириш, 150 та ўзини-ўзи банд қилиш орқали, 7 та ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, 12 та юридик шахс ташкил этган ҳолда тадбиркорликка йўналтириш орқали иш ўринлари яратилган.

Касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида 23 нафар ёшлар ва хотин-қизларни ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни мономарказларида йўлланма асосида ўқитилиб ва уларнинг бандлиги таъминланган. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 25 та лойиҳаларга 916 млн. сўм кредитлар ажратилган.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб ускуналари олиб бериш бўйича 8 та фуқарога 44 млн. сўмлик субсидиялар ажратилган.

Шунингдек, 1,5 км йўллар шағаллаштирилиб, маҳаллаларда эски ва яроқсиз бўлган 1 дона трансформатор, 32 дона сим ёғочлар ҳамда 20 дона тунги чироқлар янгиларига алмаштирилган.