Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида «Tata Steel Chess-2023» турнири якунига етди.
Бугун, 29 январь куни бўлиб ўтган турнирнинг сўнгги 13-турида Нодирбек Абдусатторов мезбон шахматчи Йорден ван Форестга қарши баҳс юритиб, имкониятни бой берди.
▫️Шу тариқа, турнир давомида пешқадам бўлиб келган ўзбекистонлик шахматчи мусобақани 8 очко билан 2-ўринда якунлайдиган бўлди. Сўнгги турдаги муваффақияти эвазига 8,5 очко жамғарган нидерландиялик Аниш Гири эса «Tata Steel Chess-2023» «Masters» гуруҳи ғолибига айланди.
«Челленжер» гуруҳида эса Жавоҳир Синдаров 13-турда бошқа бир мезбон Томас Беердсенни мағлубиятга учратиб, 8,5 очко билан 3-ўринни эгаллади.
Маълумот учун, Абдусатторов турнир давомида шу вақтгача 4 баҳсда ғолиб бўлган ва бу борада фақат Карлсенда шундай кўрсаткич эди. Ўзбекистонлик шахматчи Раппорт, Парҳам, Магнус Карлсен ва Аржун Эригаисини мағлуб этиб, қолган рақиблари билан дуранг қайд этган, мағлубиятга учрамаган эди. У 5-турдан кейин турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олган ва шундан бери биринчи ўриндан пастга тушмаганди.






