Бугун Косонсой тумани марказидаги “Улуғчинор” маданият ва истироҳат боғида ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида “Миллий армиямиз - Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир” шиори остида ёшлар ва кенг жамоатчилик аҳолининг кенг қатлами иштирокида маданий-маърифий, ҳарбий ватанпарварлик ва спорт тадбири ўтказилди.

Ҳарбий –ватанпарварлик фестивали бу ерга тўпланган юзлаб ёшлар қалбида она-юртга муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотиб, ҳарбийликка бўлган иштиёқини янада оширди.Тадбирда туман Мудофаа бўлими ҳамда Ғурумсарой ҳарбий қисми билан ҳамкорликда кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Айниқса, майдон узра ҳарбий оркестр ижросида янграган наволар, фахрий қоровулларнинг саф тортиши ҳамда концерт дастури барчада катта таассурот қолдирди.

Фестивалда туман ҳокими ўринбосари Алишер Шералиев сўз олиб, бу каби тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мардлик ва жасорат сари ундашини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбирда алоҳида фаоллик кўрсатган ёшларга туман ҳокимлигининг китоблар жамланмаси совға қилинди.