Юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги соҳасига боғлиқ. Халқимиз дастурхонини, миллий бозоримиз расталарини безаб турган мевалар-у сабзавотлар, турли полиз маҳсулотлари соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатлари эвазига бунёдга келади.
Мана шундай заҳматкаш, тиниб-тинчимас қишлоқ хўжалиги ходимлари Косонсой туманидаги "Ўзбегим" мажмуасида бир дастурхон устида жам бўлишди.
Тадбирда сўз олган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф этиб, уларда фаол иштирок этаётган, юртдошларимиз дастурхонининг янада фаровон бўлишида муносиб ҳисса қўшаётган соҳа ходимларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширди.
Бундан ташқари кўп йиллик самарали меҳнатлари, туманда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлардаги фаол иштироки учун ҳамда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан бир қанча ҳамкор ташкилотлар раҳбарларининг меҳнатлари ҳам эътироф этилди.
Эл суйган санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов, меҳмон санъаткорлар ҳамда туман маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга қувонч бағишлади.






