Ҳар бир замон ва маконда илм-маърифат, ёшларнинг таълим-тарбиясига устувор вазифа сифати қаралган. Чунки мамлакат эртасини айнан билимли, зиёли шахслар кўради.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига килган тарихий Мурожаати ҳамда 2023 йилнинг юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинишида ҳам таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро талабларга мос тадбиқларни қўллаш мақсадлари муштарак.
Косонсой туманидаги мавжуд таълим масканларида бугунги кунда Президентимиз илгари сурган ташаббуслар бўй кўрсатмоқда. “Навбаҳор” маҳалласидаги 31-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқув биноси 2008 йилда қурилган бўлиб, 490 ўринга мўлжалланган эди. Бироқ йиллар давомида аҳоли сонининг ортиб бориш натижасида ўқувчилар икки навбатда таълим олаётган эдилар.
Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида инвестиция дастури асосида тумандаги “Юсуф Хос Ҳожиб” МЧЖ томонидан 1 млрд. 928 млн. сўм маблағ эвазига мактабга 180 ўринли янги, замонавий ўқув биноси қуриб фойдаланишга топширилди.
Асосийси, ўқувчиларнинг бугунги даврга мос билим олишлари учун барча зарур шароитлар муҳайё этилди. Бу албатта ушбу мактаб ўқувчилари орасидан халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига имконият яратади. Ҳар бир устознинг ўз устида ишлашига, ўқувчиларнинг ҳам катта одимлар билан интилишларига қанот бўлади. Мактаб биноси “навбаҳорликлар” учун Янги йилга муносиб туҳфа бўлгани билан аҳамиятли.






