Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Наманган вилоят кенгаши ташаббуси билан Косонсой туманида мамлакатимиз Президентининг “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Косонсой кластер томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти негизида томорқа кластери ташкил этилди.

Томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришни кўпайтириш орқали аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратиш, шунингдек, томорқа ер эгалари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган қарор соҳада бир қатор енгилликлар, имтиёзлар яратди.

Кластер қошида кўчатчилик иссиқхонаси, агротехник хизматлар кўрсатиш, юк сақлаш ва совутгичли омборхона, уруғ, кўчат, кимёвий дори сотиш дўкони, қуритиш цехи, чорвачилик комплекси, сутни қайта ишлаш цехлари фаолият юритмоқда. Фермерлар кенгаши қошидаги жамғарма ҳисобидан 2 миллиард сўм имтиёзли кредит айнан кластер фаолиятини ташкил этишга йўналтирилди.

Шунингдек, томорқа хизмати кластерлари томорқачиларга ер хайдашдан тортиб, кўчат етказиб бериш, ўғитлаш, маҳсулотни сотишда ҳам ёрдам беради. Қолаверса, кластерлар бир неча йўналишда хизмат кўрсатиб, янги иш ўринлари яратиш, кичик цехлар орқали маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан ҳам шуғулланадилар.

Бу борадаги тажрибаларнинг кенг оммалашиши даладан дастурхонга, даладан экспортга тамойилларини тўлиқ амалга ошириш имконини беради.