Бу йил мамлакатимизда ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз қабул қилинганлигининг 30  йиллиги байрами кенг нишонланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципини жорий этди.

Давлатнинг асосий қонуни суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритишни эълон қилди.

Фақат мустақил суд ҳокимияти ҳар бир фуқаронинг ваколатли ва ҳолис судда ишни ошкора кўриш орқали Ўзининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкинлигига кафолат бўлиб хизмат қилади.

Суд ҳокимияти - бу судларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари устуворлиги принципига сўзсиз риоя қилиш асосида жиноий, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриш бўйича ваколатидир.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Конституциянинг 16-моддасига мувофиқ мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.

Оммавий ахборот воситалари кўрилаётган ишлар бўйича ўз хабарларида суд қарори қандай бўлиши лозимлиги ҳақида фикр билдиришга ёки бошқача усуллар билан ишда иштирок этаётган бирон-бир шахснинг фойдасини кўзлаб судга таъсир ўтказишга ҳақли эмаслар. Бунда шуни унутмаслик керакки, Контитуциянинг 26-моддасига ва “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча, у айбсиз ҳисобланади. 

Қонунга мувофиқ суд муҳокамасини қандай бўлмасин чеклашларга. бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатиш, тақдид қилиш ёхуд суд фаолиятига мансабдор шахс ёки фуқаронинг қай тарафдан ва қандай масалада бўлмасин аралашишига йўл қўйилмайди.

Жиноят содир қилишда айбланаётган шахс дастлабки тергов жараёнида фақатгина суд томонидан қамоққа олиниши мумкин.

Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинган ва ўз навбатида Конституциямизнинг 24-моддаси талабига, яъни яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир деган тамойилга тўлиқ мос келади.

Конституциямизнинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Судлар тўғрисида”ги  Қонунда судьяларга юксак мақом берилди, улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади,  унинг тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайланади ёки Судьялар олий кенгаши томонидан тайинланади. Бунинг учун ижро ҳокимиятининг маҳаллий органлари розилиги талаб қилинмайди.

Қонун давлат муассасалари, фуқаро ва ташкилотларга судга ҳурмат билан қараш мажбуриятини юклайди.

Давлат ҳокимиятининг бирон-бир идораси судга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган вазифалари юклаши мумкин эмас.

Судга ҳурматсизлик қилишга йўл қўйилмайди ва бу қонун билан белгиланган тартибда жазоланиши лозим.

Конституциямизнинг 112-моддасига асосан судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.

Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин.

Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қуйилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддасига мувофиқ суд ҳокимияти ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Суд ҳокимияти ҳужжатларини бажармаслик ёки тегишлича бажармаслик Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликни келтиради.

 

 

Наманган вилояти суди фуқаролик

ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси                      Умида Солиева

 

Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон                                           туманлараро суди судьяси:                                          Р.М.Бойқораев