Косонсой тумани ҳокимлиги, туман ФВБ, туман тиббиёт бирлашмаси, туман СЭОМ томонидан қиш мавсумини беталофат ўтказиш, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши, ис гази ва овқатдан заҳарланиш (ботулизм) касалликларини олдини олиш, озиқ-овқат маҳсулотларидан оммавий заҳарланиш билан боғлиқ касалликларини олдини олиш бўйича туманда кенг қамровли профилактик-тушунтириш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, соҳа ходимлари томонидан туман ҳудудидаги аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа обьектлари ва деҳқон бозори ҳамда жамоат масканларида ташкил этилган тарғибот тадбирлари ҳам ушбу долзарб масалаларга қаратилди.

Маҳаллаларда уйма-уй юрган туман ФВБ, ҳамкор ташкилотлар ҳисобланган коммунал соҳа идоралари вакиллари томонидан хонадон аъзоларига вилоят ва республикамиз ҳудудида содир бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан оммавий заҳарланиш, фавқулодда вазиятлар, ёнғинлар ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг асосий келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари юзасидан зарур тушунчалар берилди.

Бу каби олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот тадбирларидан асосий кўзланган мақсад этиб, туман аҳолиси ҳаёти ва соғлиги, мол-мулки ва атроф табиий муҳитни содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш белгиланган.