Наманганда аҳоли учун онлайн тиббий маслаҳатлар хизмати йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов маълум қилди.
Мутасаддининг билдиришича, аҳолида уй шароитида малакали шифокорлардан маслаҳат олишга эҳтиёж юқори. Шунингдек, фуқаролар ўзи ёки яқинларини безовта қилаётган касалликлар юзасидан қайси шифохонага мурожаат этишни билмаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. “Онлайн тиббий маслаҳатлар мазкур муаммоларга ечим топишда кўмак бериши режалаштирилган. Шунингдек, бу чора вилоятда тез тиббий ёрдамга мурожаатлар сони камайишига ҳам хизмат қилади”, — дейди Абдулҳоди Иминов.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида республика бўйича тез ёрдамга жами 9,6 миллион чақириқ келиб тушган бўлса, улардан 906 мингтаси ёки қарийб 10 фоизи Наманган вилоятига тўғри келган.






