Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз уч йиллиги ҳамда “Ўзбек тили байрами” куни кенг нишонланди.

Косонсой туманидаги миллий маданият марказида Косонсой туман ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, халқ таълими бўлими ташаббуси билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остидаги байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар она тилимизнинг буюклиги, бойлиги, бетакрорлиги ва ўзига хос фазилатлари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтдилар. Тадбир давомида бетакрор она тилимиз ривожида алоҳида намуна кўрсатаётган бир қатор маънавият фидойилари туман ҳокимининг ташаккурнома ҳам эсдалик совғалари, шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Косонсой туман бўлинмасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам тадбирида халқимизнинг суюкли шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Она тилим” шеъри асосида видеоролик, шунингдек, ёш ижодкор ўқувчилар томонидан ижро этилган она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига қарашли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларининг чиқишлари йиғилганларга кўтаринкилик бахш этди.