Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов брифингда маълум қилди.
«11 октябрь куни Давлат раҳбари мамлакатимизга ташриф билан келган Татарстон Республикаси раҳбари Рустам Миннихановни қабул қиладилар. Унда ҳудудлараро ҳамкорликни янги мазмун ва аниқ лойиҳалар билан янада ривожлантириш ҳамда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги қўшма дастурларни янада жадаллаштириш масалаларининг муҳокамаси кўзда тутилган.
Шунингдек, 12-14 октябрь кунлари Президентимиз Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ҳамда “Марказий Осиё – Россия” саммитида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикасига ташриф буюрадилар.
Ташриф кун тартибида хорижий давлатлар, шу жумладан, Вьетнам Социалистик Республикаси Вице-президенти Во Тхи Ань Суан, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган», — дея қайд этди Асадов.






